Россиянинг Қирғизистондаги элчиси ТИВга чақиртирилди

Бугун Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга Москва шаҳрида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган рейд юзасидан нота топширилди. Унда жорий йил 10 апрел куни Москвадаги жамоат ҳаммомларидан бирида ҳибсга олинган фуқаролар бўйича тушунтириш талаб қилинган.
«Россия томонига ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган операция, шунингдек, фуқароларга нисбатан куч ишлатиш асослари тўғрисида маълумот бериш ҳамда агар куч ишлатиш асоссиз бўлса, ушбу ҳодиса юзасидан Москва шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш талаби билан расмий нота берилди», – дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур ҳолат акс этган видеолавҳада бир неча ўнлаб эркакларнинг полга юзтубан ётқизиб қўйилгани ва ниқоб ҳамда қизил боғичли номаълум шахслар одамларнинг устидан юриб ўтгани кўринади. Улар хонага ўрнатилган кузатув камералардан бирини ёпиб ҳам қўйишган.
Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, маҳбуслар бир неча соат давомида қийноққа солинган.
«Баъзиларини ўзаро куч синашишга мажбурлаган, ютқазганларни калтаклашган. Баъзиларининг ҳужжатларини йиртиб ташлашган, бошқалари эса кийиниб ҳовузга сакрашга мажбур бўлган», – дейди гувоҳлар.
Бу қийноқлар «катта полициячилар» келгунига қадар давом этган, шундан сўнг ҳибсга олинганларнинг бир қисми қўйиб юборилган. Бошқалари полиция бўлимига олиб кетилган ва у жаримага тортилган.
Қирғизистон парламенти депутати Жанар Акаев ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Москвадаги қирғизистонлик тадбиркорнинг ҳаммомига бостириб кирганига эътироз билдириб, «шунчаки ўз ишини қилиб, тинч-тотув ҳаёт кечираётган одамларга нисбатан бундай ваҳшийлик ва зўравонликларни содир этган»ларни жавобгарликка тортиш зарурлигини айтиб чиқди.
«Барча харажатлар қопланиши ва кечирим сўраши керак! » – деб ёзади депутат Facebook саҳифасида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter