«Руанда иши»: халқаро жиноий трибунал 29 йиллик фаолиятдан сўнг якунланди
БМТнинг Руанда бўйича халқаро жиноий трибунали (International Criminal Tribunal for Rwanda — ICTR) 29 йиллик фаолиятидан сўнг ўз ишига расман якун ясади. Трибунал айблов эълон қилган сўнгги икки қочоқ — Ряндикайо ва Чарлз Сикубвабо ниҳоят топилди — ҳар иккаласининг вафот этгани қайд этилди, дея хабар берди БМТ прокуратураси.
Ряндикайо ва Сикубвабо кўплаб жиноятларда, хусусан, геноцидда, Интерхамве хуту таркибига кирувчи жангари тўдаларга бошчилик қилганликда айбланганди.
БМТ трибунали Руандада тутсиларга қарши геноцид давридаги жиноятларда жами 92 нафар шахсни айбдор деб топди.
1994 йилда Руандада тутсиларнинг қириб ташланиши Иккинчи жаҳон урушидан кейин содир этилган энг мудҳиш геноцидлардан бири сифатида тарихга кирган.
АҚШ Давлат департаменти Руандадаги геноцидни молиялаштирган ҳамда сиёсий ва жангари гуруҳлар бош ҳомийси экани гумон қилинган тадбиркор Фелисьен Кабугани топиш учун 5 млн доллар мукофот эълон қилган. 25 йил қочиб юрган Кабуга 2020 йил май ойида Париж чеккасидаги уйида қўлга олинган эди.
Хуту экстремистлари қўлига ўтган Руанда ҳукумати майда элат — ўзи низода бўлган тутсиларни тизимли равишда қириб ташлашга киришган. Апрел ойида хутуларга мансуб Руанда президенти Жюванел Хабиаримана учаётган самолёт номаълум шахслар томонидан уриб туширилгач, тутсиларга қарши ов бошланган.
Қарийб 100 кун давом этган қирғинлардан сўнг, 1994 йилнинг июлига келиб, геноцид қурбонлари сони 800 минг нафардан ошиб кетди, минглаб одамлар жароҳат олди ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолди. Айрим маълумотларга кўра, 1994 йил воқеаларида бир миллион атрофида одам ҳалок бўлган (Руанданинг ўша пайтдаги аҳолисининг 14 фоизи).
Маълумот учун: Руанда — Шарқий Африкада жойлашган мамлакат. Ҳудуди — 26 338 квадрат километр, аҳолиси — 13,6 млн (2024 йил). Геноцидни тўхтатишда ҳал қилувчи ролни ўйнагани айтиладиган тутсиларга мансуб Пол Кагаме — 2000 йилдан буён Руанда президенти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter