Саудия Арабистони туристик масканларда алкоголли ичимликларга рухсат бериши мумкин

Саудия Арабистони ҳукумати 2026 йилдан бошлаб мамлакатдаги 600 та туристик масканда алкоголли ичимликларни сотишга рухсат беришни режалаштирмоқда. Бу қарор мамлакатнинг 2030 йилдаги Экспо ва 2034 йилдаги ФИФА Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида қабул қилинган бўлиб, туризмни ривожлантириш ва халқаро сайёҳларни жалб қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Рухсат этилган ичимликлар пиво, вино ва сидр каби 20% гача алкогол таркибига эга маҳсулотлар билан чекланади. Спиртли ичимликлар, оммавий реклама ва уйда сақлаш ҳамон тақиқланган бўлиб қолади. Алкогол фақат махсус лицензияга эга беш юлдузли меҳмонхоналар, люкс курортлар ва сайёҳлар учун мўлжалланган ҳудудларда сотилади. Макка ва Мадина каби муқаддас шаҳарларда алкогол сотилиши қатъиян тақиқланади.
Бу ўзгаришлар Саудия Арабистонининг «Vision 2030» дастури доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур дастур мамлакат иқтисодиётини нефтга боғлиқликдан халос этиш ва туризмни ривожлантиришни мақсад қилган. Алкогол сотилиши қатъий назорат остида бўлиб, лицензияланган муассасаларда махсус ўқитилган ходимлар томонидан амалга оширилади. Қоидаларни бузган муассасаларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилади.
Маълумот учун, 2024 йил январь ойида Саудия Арабистонининг Риёд шаҳридаги Дипломатик кварталида фақатгина мусулмон бўлмаган хорижий дипломатлар учун мўлжалланган алкогол дўкони очилган эди. Бу дўконга кириш учун махсус мобил илова орқали рўйхатдан ўтиш ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқ олиш талаб этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter