Сайлов: Макрон ва Шольцнинг сиёсий мағлубияти
6-9 июнь кунлари бўлиб ўтган Европа парламенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди. Сайловда ўта ўнг йўналишдаги партиялар ўз мавқеини мустаҳкамлагани ҳолда, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольцнинг партиялари яққол мағлубиятга учраган.
Франция раҳбари Эммануэль Макрон бошчилигидаги «Уйғониш» партияси 14,7 фоиз овоз олди. Унинг асосий рақиби Марин Ле Пен бошчилигидаги «Миллий бирлашув» партияси эса икки баравар кўп овоз йиғишга муваффақ бўлди. Яққол сиёсий мағлубият Макронни қалтис қадам ташлашга ундади: у парламентни тарқатиб юбориб, жорий йил 30 июнь ва 7 июль кунларига навбатдан ташқари парламент сайлови белгилади.
Германияда христиан демократлар партияси 30 фоиз сайловчининг ишончини қозонди. Ўта ўнг қанотга мансуб «Германия учун муқобил» партияси 16,5 фоиз овоз йиғди. Иқтидордаги социал демократлар, яъни канцлер Шольц партияси эса 14 фоиз овоз билан кифояланди.
Европа Иттифоқи сиёсатида ўта ўнг қанот партиялар анъанавий равишда кучсиз мавқеи эгаллаб келган. Уларнинг сиёсий саҳнада мавқеи ошиб бораётгани нафақат иқтидордаги раҳбарлар, балки анъанавий қадриятларга суянган партиялар учун ҳам жиддий чақириқ ўлароқ баҳоланмоқда.
Дастлабки маълумотларга қараганда, Европа халқ партияси Европа парламентидаги 720 ўриндан 189 тасини олган (2019 йилги сайловда 176 та мандат). Социал демократлар 135 та мандат билан иккинчи ўринни, «Европани янгилаб» либерал фракцияси 83 та мандат билан учинчи ўринни эгаллаган.
«Яшиллар» ҳам йирик йўқотишга учраган. 2019 йили улар Европарламентда 72 та ўринни олган бўлса, бу гал 53 та мандатга қаноат қилди.
Ҳозирча 27 та давлат тамсил этилган қонунчилик идорасида Европа қадриятларини ҳимоя қилаётган депутатлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо таҳлилчилар ўта ўнг қанотга мансуб партиялар таъсири ва нуфузи ошиб бораётган бир пайтда миграция, иқлим ўзгариши, хавфсизлик каби йўналишларда якдил қарор қабул қилиш қийин бўлишини тахмин қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter