Шойгу кўпроқ қурол кераклигини айтди
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинага қарши урушда «шиддатни сақлаб қолиш учун» қурол ва ҳарбий техника етказиб беришни кўпайтириш кераклигини маълум қилди.
Шойгу бирлашган кучлар гуруҳи штаб-квартирасида йиғилиш ўтказиб, Украинадаги ҳарбий гуруҳлар қўмондонларининг ҳисоботларини тинглади ва Россия ҳарбийлари «махсус операция режасига мувофиқ жанговар топшириқларни бажаришда давом этаётганини» айтди.
«Ҳужум суръатини сақлаб қолиш ва қўшиннинг жанговар кучини оширишни таъминлаш учун етказиб бериладиган қурол ва ҳарбий техника, биринчи навбатда, қирғин қуроллари ҳажми ва сифатини ошириш керак», — деди Шойгу.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский яқинда фронтдаги вазиятнинг кескинлашуви ва рус қўшинларининг тактик муваффақиятлари ҳақида гапирганди.
Россия ҳарбийлари Украинага ўқ-дори ва қўшимча кучлар етишмаслиги шароитида баъзи муваффақиятларга эришди. Киев қудратли иттифоқчиси бўлган АҚШдан тахминан олти ой давомида ҳарбий ёрдам олмади.
Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертларининг таъкидлашича, яқин ҳафталарда АҚШнинг янги ҳарбий ёрдами келиши бошланишидан олдин, рус қўшинлари сезиларли тактик ютуқларга эришиши мумкин, аммо Украина мудофаасини синдира олиши даргумон.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter