Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ қирол қарзларини узиш учун қарз олди: солиқчиларга 4,4 миллион евро тўлаши керак

Собиқ қирол қарзларини узиш учун қарз олди: солиқчиларга 4,4 миллион евро тўлаши керак

Хуан Карлос I.

Фото: «Depositphotos»

Испаниянинг тахтдан воз кечган қироли Хуан Карлос I солиқ органларидан қарзини узиш учун дўстлари ва таниш тадбиркорларидан қарз кўтарди. Собиқ қирол давлат ғазнасига €4,4 млн. тўлаши шарт.

«El Pais» ёзишича, қиролнинг танишлари нотариус иштирокида қарз шартномасига имзо чекишган. Аммо бу расмиятчилик учун, дўстлари қарзни қисташ ниятидамас.

Испания солиқ тизими эса ўта инжиқ. Агарда дўстлари ҳадя шартномаси тузишганида, Испания қонунларига биноан, Хуан Карлосга беғараз ўтказиб берилган пулларнинг нақ 40 фоизини солиқчилар чегириб қолишган бўларди.

Аввалига қиролга ёрдам бермоқчи кишилар 30 нафар эди, охир-оқибат шартномада 10 кишининг номи аксини топди. Уларнинг номлари ошкор этилмаган.

Нашр хабарига кўра, юридик жиҳатдан, 83 ёшли Хуан Карлоснинг қарз мажбуриятлари унинг ўлимидан сўнг фарзандларига (мисол учун, Испаниянинг амалдаги қироли Филипп VI га — таҳр.) ўтиши керак, чунки бу ёшдаги инсонга узоқ муддатли кредит мажбуриятини юклаш мумкин эмас. Юристлар ушбу бандни қандай расмийлаштиришгани номаълум.

Қиролнинг солиқдан €4,4 миллионлик қарзи қандай шакллангани мавҳумлигича қолмоқда. «El Pais» тахминига кўра, бу декларация қилинмаган €8 млн. даромад оқибати бўлиши мумкин. Шунингдек, 2018 йилгача пули собиқ қиролнинг қариндошларига қарашли фонддан тўланган хусусий самолётлардаги парвозлар ҳам шунча солиққа олиб келган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг