Сурия вакили АҚШдан Исроилга икки штатини беришни сўради

Башар ал-Жаъфарий
Суриянинг БМТдаги доимий вакили Башар ал-Жаъфарий Хавфсизлик кенгашининг кеча, 27 март куни бўлиб ўтган йиғилишида АҚШга «халқаро ҳуқуқдан фойдаланиб бегона ерларни сотгандан кўра», ўз ерларини Исроил билан бўлишишни таклиф қилди.
У йиғилганларга мурожаат қиларкан, Исроилнинг Жўлон тепаликларга даъвоси АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётганини кескин танқид қилди.
— Сиз, масалан, Шимолий ва Жанубий Каролинани (Исроилга) берган бўлармидингиз? Агарда амалдаги маъмуриятингиз ҳақиқатан ҳам Исроилни қўлламоқчи бўлса, шундай қилинг, — деди у америкалик ҳамкасбига қарата.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Исроилнинг Жўлон тепаликлари устидан суверенитетини расман тан олган, БМТ Жўлон тепаликлари мақоми ўзгармаслиги ҳақида баёнот берган, Араб давлатлари лигаси эса АҚШнинг қароридан ғазабга келганди.
Маълумот учун: Жўлон тепаликлари Яқин Шарқдаги баҳсли ҳудуд бўлиб, айни пайтда катта қисми устидан Исроил ўз назоратини ўрнатган, шарқий қисми эса Сурия ихтиёрида. Ҳар икки мамлакат Жўлон тепаликларини ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter