Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли актриса Нетаняҳуга қарши намойишда қўлга олинди

Таниқли актриса Нетаняҳуга қарши намойишда қўлга олинди

Фото: Bild

Ҳолливуд актрисаси Сюзан Сарандон Ню-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳи яқинида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга қарши ўтказилган норозилик намойиши пайтида қўлга олинди.

Намойиш ўтган пайшанба куни, Нетаняҳу БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаётган вақтда бўлиб ўтган. Қўлга олинган 104 нафар намойишчи орасида Сюзан Сарандон ва актриса Ҳанна Айнбайндер ҳам бор.

Сарандоннинг футболкасида: «Fund people, not bombs» («Бомбаларни эмас, одамларни молиялаштиринг») деган ёзув бор эди. Намойиш иштирокчилари Нетаняҳу сиёсатига ва Исроилнинг фаластинликларга нисбатан хунрезлик ҳаракатларига қарши чиқишди. Эътиборли жиҳати, намойишни яҳудийларнинг антисионистик Jewish Voice for Peace ташкилоти уюштирди. Намойишчилар Биринчи авенюни тўсиб қўйиб, йўлнинг қатнов қисмини бўшатишдан бош тортишди, шундан сўнг полиция қўлга олишларни бошлади.

Нетаняҳу БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Ғазо секторидаги урушни оқлашга уринди. Жумладан, Исроил фаластинликларга нисбатан геноцид содир этмоқда, деган даъволарни «асрнинг энг катта ёлғони» деб атади. Унинг маърузаси вақтида айрим давлатлар делегациялари Бош Ассамблея залини намойишкорона тарк этишди.

Маълумот учун: Сюзан Сарандон 1946 йилда туғилган (яқинда 80 ёшни қаршилайди). «Ўлик одамнинг юриши» филми (1995)даги роли учун «Оскар»га сазовор бўлган. «Телма ва Луиза», «Атлантик-Сити», «Мижоз» (BAFTA мукофоти) каби филмлардаги роллари билан танилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг