Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Толибон» Қозоғистон ва Россияни Трансафғон темир йўл қурилишида иштирок этишга таклиф қилди

«Толибон» Қозоғистон ва Россияни Трансафғон темир йўл қурилишида иштирок этишга таклиф қилди

«Толибон» Россия ва Қозоғистонни Трансафғон темир йўли қурилишида иштирок этишга чақирди. Бу ҳақда Афғонистон муваққат ҳукуматидаги савдо ва саноат вазири Нуриддин Азизий маълум қилди.

«Биз Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасини ушбу лойиҳада иштирок этишга таклиф қиламиз. Менинг тушунишимча, бу фақат Афғонистонга киритилган сармоя эмас, бу темир йўл ҳамма учун манфаатлидир. Биз давлатларнинг ишчи гуруҳларини қабул қилишга тайёрмиз. Улар билан биргаликда ушбу лойиҳани кўриб чиқамиз», — деди у Остонада Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форуми чоғида.

Унинг фикрига кўра, Покистон, Афғонистон, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон Кобулда ўз ваколатхонасини ташкил этиши керак. Бу техник масалаларни имкон қадар тезроқ ҳал қилишга ёрдам беради.

Афғонистон Покистон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ бозорларига чиқишда кўприк вазифасини ўтайди. Шунга кўра расмий Остона афғон замини орқали савдо йўналишларини кенгайтиришни кўзламоқда.

Маълумот ўрнида, 2021 йилда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли борасида келишувга эришган. Ушбу йўналишнинг барпо этилиши нафақат уч давлат, балки минтақанинг бошқа мамлакатлари учун ҳам манфаатли бўлиши кутилмоқда. Қозоғистон бош вазири ўринбосари С.Жумангарин ҳам трансафғон темир йўл коридори қурилиши ташаббусини ижобий баҳолаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг