Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев: «Европа кўпдан буён бундай фожиага рўбарў келмаганди...»

Тўқаев: «Европа кўпдан буён бундай фожиага рўбарў келмаганди...»

Фото: Akorda.kz

Қозоғистон Украина ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев муаллифлигида АҚШнинг The National Interest нашрида чоп этилган мақолада сўз боради.

«Дунёдаги энг узун чегарага эга давлатлар сифатида Қозоғистон ва Россия ҳамкорлик борасида ўзига хос робиталар ўрнатган. Айни чоқда, Украина билан ҳам дўстона алоқаларимиз теран анъаналарга эга. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари каби биз ҳам мазкур мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиламиз. Зиддият БМТ низомларига мувофиқ тез фурсатда, адолатли тарзда ҳал этилади деган умиддамиз», – деб ёзади Қозоғистон президенти.

Қайд этилишича, Қ.Тўқаев урушни тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида ҳам Россия, ҳам Украина президентлари билан суҳбатлашган, бу борада халқаро воситачилик таклиф этган.

Қозоғистон раҳбари урушни улкан фожиа деб атар экан, мамлакатда жорий йил январь ойида рўй берган зўравонликларни ҳам ёдга олган.

«Россия–Украина зиддияти Европа қитъаси кўпдан буён рўбарў келмаган фожиадир. Уруш бошланишидан икки ойгина аввал Қозоғистон ҳам мусибатни бошдан кечирди: умуммиллий намойишлар мамлакатнинг 30 йиллик мустақиллик тарихида кузатилмаган зўравонликка айланиб кетди. Биз ҳамон ўша жароҳатларга малҳам қўймоқдамиз, аммо биз ундан сабоқ чиқариб, муаммоларни дадил ҳал этиб олдинга интилишда собитмиз», – деб ёзади Қ.Тўқаев.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Қозоғистон жорий йил 14-15 март кунлари Украинага гуманитар кўмак жўнатганди. Ўшанда ҳам расмий Нурсултон Украинанинг тинч аҳолиси ва инфратузилмасига зарар етказишни тўхтатиш борасида баёнот берганди.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон раҳбари 16 март куни мамлакатда катта сиёсий ислоҳотлар бошланаётгани, хусусан, суперпрезидентлик бошқарувидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтилиши, сиёсий монополиядан воз кечилишини эълон қилган эди.

The National Interest нашрида чоп этилган мақолада сиёсий ислоҳотлар хусусида ҳам сўз боради.

«Мамлакат марказий давлат ҳокимияти ваколатларининг ҳудудларга берилиши, мувозанат ва посангини сақлаш борасида мислсиз чораларни амалга киритмоқда. Коррупция ва ошна-оғайнигарчиликка йўл қўйилмайди. Сиёсий ҳокимият ваколатларининг кучайиб кетиши ва бойликларнинг бир сиқим шахслар қўлида тўпланишига барҳам берилади. Мамлакатимиз чинакам маънода гуллаб-яшнашга ҳақли», – деб ёзади Қ.Тўқаев.

Қозоғистон раҳбари улкан мақсадларни амалга ошириш, жумладан, Евроосиёда барқарорликни таъминлаш йўлида АҚШ ва Европа билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилишини қайд этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг