Тўқаев италиялик сармоядорларга таклиф билан чиқди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев италиялик йирик сармоядорларни тоғ-кон ва энергетика секторларига инвестиция киритишга даъват қилди.
«Муҳим хомашё материаллари соҳасидаги ҳамкорлик катта имкониятлар эшигини очади. Биз Италияга муҳим маъданларни етказишга тайёрмиз. Ҳозирда Қозоғистонда 5 мингдан зиёд тўлиқ тадқиқ этилмаган конлар мавжуд. Биз аллақачон Европа Иттифоқи иқтисодиёти чун фойдали бўлган 34 та муҳим хомашёдан 19 тасини ишлаб чиқармоқдамиз. Мамлакатимиз нефть ва газ конлари разведкаси, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳаларида кенг имкониятлар таклиф этади», – деди Қ.Тўқаев.
Қозоғистон раҳбарига кўра, қишлоқ хўжалиги ҳам истиқболли йўналиш саналади.
«Биз буғдой ва ун етиштириш бўйича дунё ўнлигига кирамиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз 80 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинади. Жаҳонда озиқ-овқат тақчиллиги ортаётганини инобатга олиб, биз ушбу секторда ишлаб чиқаришни уч карра, экспортни эса икки карра ошириш мақсадини қўйдик», – деди у.
Мамлакатни минтақавий ҳабга айлантиришни кўзлаган расмий Остона транспорт-логистика соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
«Сўнгги 15 йилда Қозоғистон транспорт инфратузилмасига 35 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди. Келгуси уч йилда 1300 километрдан зиёд темир йўллар қуришни режалаштирганмиз. Бу Хитой, Жанубий Осиё ва Европа йўналишларида товарлар айланмасини оширишга хизмат қилади. Шу боис биз итальян сармоядорларини портларимизни ривожлантириш, транспорт кемалари ишлаб чиқариш ва логистика марказларини барпо қилишда фаол иштирок этишга чақирамиз», – деди Қозоғистон раҳбари.
Қ.Тўқаев Италияга расмий ташрифи доирасида 18 январь куни Римда президент Сержо Маттарелла ва бош вазир Жоржия Мелони билан учрашган. Музокаралар якунида молиядан энергетика тизимига қадар – турли соҳаларда ҳужжатлар имзоланган. Давлат раҳбарлари қўшма баёнотида ҳам стратегик ҳамкорликни диверсификация қилиш лозимлиги таъкидланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter