Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев ШҲТнинг фавқулодда муҳим ролига эътибор қаратди

Тўқаев ШҲТнинг фавқулодда муҳим ролига эътибор қаратди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Евроосиё минтақасида тинчлик ва барқарорлик кафолати бўлиш учун фавқулодда катта имкониятларга эга. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 4 июль куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида гапирди.

«Бугун юзага келган мураккаб вазият кўп жиҳатдан халқаро муносабатлар тизимининг кучли инқирози оқибатидир. Бу вазиятда халқаро ҳуқуқ бўҳронининг олдини олиш, геосиёсий дарзларга йўл қўймаслик ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун ШҲТ ислоҳ этувчилик ва бунёдкорлик ролини янада кучайтириши керак», – деди  Қ.Тўқаев.

Айни пайтда ШҲТ маконида 3 миллиарддан зиёд аҳоли яшамоқда. Жаҳон ЯИМнинг учдан бир қисми ташкилотга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Қозоғистон раҳбари ташкилотнинг савдо-иқтисодий жабҳадаги салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланишга чақирди.

«Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу йил глобал иқтисодиётнинг ўсиш мароми сусаяди. Дунё иқтисодиёти янги ўсиш нуқталари ва тараққиётнинг буткул янги парадигмаларига муҳтож экани кундек равшан. Шу боис ҳам савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, капитал ва технологияларнинг эркин ҳаракати учун шарт-шароит яратиш, иқлим ўзгариши муаммоларига қарши курашиш ШҲТнинг муҳим вазифалари бўлмоғи лозим», – деди сиёсатчи.

Расмий Остонанинг ШҲТга раислиги ҳақида гапирган Қ.Тўқаев ушбу муддат ичида турли даражада 150 та тадбир ўтказилгани, ташкилот доирасида 60 та янги ҳужжат қабул қилинганини қайд этган.

Аввал хабар берганимиздек, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади. Ш.Мирзиёев ўз чиқишида ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга тўхталди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг