Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев тинчлик йўлида ШҲТ ва БРИКС кучларини бирлаштиришни таклиф қилди

Тўқаев тинчлик йўлида ШҲТ ва БРИКС кучларини бирлаштиришни таклиф қилди

Фото: Akorda.kz

БМТ низомларига асосланган тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик формуласини ишлаб чиқишда ШҲТ ва БРИКС кучларини бирлаштириш керак. Бу масалани Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «БРИКС плюс» форматидаги йиғинда сўзлаган нутқида кўтарган.

ЖАРнинг Йоханнесбург шаҳрида ўтказилган БРИКСнинг 15-саммити доирасидаги йиғинда Қ.Тўқаев ШҲТнинг амалдаги раиси сифатида, видеомулоқот орқали қатнашган.

Қозоғистон раҳбари рақамлаштириш, электрон савдо, киберхавфсизлик каби йўналишларда ҳам ШҲТ, БРИКС ва «БРИКС плюс» мамлакатларининг бир ёқадан бош чиқариши муҳимлигини таъкидлаган.

ШҲТнинг амалдаги раиси иқлим ўзгариши ва экология муаммоларига ҳам эътибор қаратган.

«Иқлим ўзгариши жаҳон миқёсида узоқ муддатли салбий оқибатлар келтиришини барчамиз тан оламиз. Сўнгги йилларда Глобал Жануб ва Марказий Осиё мамлакатларида кучли қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар кузатилмоқда. Шу муносабат билан Қозоғистон 2024 йилни ШҲТ ҳудудида Экология йили деб эълон қилишни таклиф этди», – деди сиёсатчи.

Сайёрамиз озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида гапирган Қ.Тўқаев глобал озиқ-овқат ва ўғит етказиш жабҳасини сиёсатдан, турли санкция ва чекловлардан холи этиш лозимлигини қайд этган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг