Трамп қайта сайланса Украинага ажратилаётган миллиардларни қайта кўриб чиқмоқчи
АҚШнинг 45-президенти ва янги муддатга даъвогар Доналд Трамп Украинанинг Америкадан ёрдам сўрашидан норозилигини билдирди. У мамлакат президентлигига қайта сайланган тақдирда бу масалани кўриб чиқишга ваъда берди.
«Зеленский, эҳтимол, барча давр сиёсатчиларининг энг буюк сотувчиси. Ҳар гал АҚШга келганида 60 миллиард доллар билан чиқиб кетади... Кейин эса ватанига қайтиб, яна 60 миллиард долларга муҳтожлигини эълон қилади ва ҳоказо. Мен бу билан шуғулланаман», – дейди Трамп Мичиган штатининг Детройт шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди кампаниясида.
Трамп Оқ уйни Украинага ҳарбий ёрдам бераётгани учун бир неча бор танқид қилган. Апрел ойида у республикачилар Киевга «миллиардлаб доллар совға» ўрнига кредит беришни кўриб чиқаётганини айтганди.
Бир ой олдин собиқ президент Европа Украинага АҚШга қараганда тахминан 100 миллиард доллар кам сарфлаётганини таъкидлаган эди. Бу америкалик солиқ тўловчига нисбатан адолатсизлик, дея қўшимча қилди сиёсатчи.
У, шунингдек, президент лавозимига киришганидан кейин 24 соат ичида Россия-Украина можаросига барҳам беришини бир неча бор таъкидлаб келади. The Telegraph нашрининг ёзишича, жаноб Трамп Россия-Украина можароси режасини ишлаб чиққан. Унинг тафсилотлари номаълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter