Трамп: «Урушни тугатиш учун яхши имконият бор»
Президент Дональд Трамп кеча, 30 ноябр куни Флоридада бўлиб ўтган АҚШ-Украина музокараларидан сўнг, Air Force One самолёти бортида журналистлар билан суҳбатда Украинанинг тинчликка интилаётганини таъкидлади.
«Аммо Киевдаги «бир неча кичик муаммолар», хусусан, коррупция можароси жараёнга таъсир қиляпти. Шунга қарамай, ҳар икки томон урушни тугатишни хоҳлаётгани учун «жуда яхши имконият» мавжуд», – дейди АҚШ президенти.
Кеча, якшанба куни Флоридада Украина ва Америка Қўшма Штатлари делегациялари ўртасидаги муҳим учрашув бир неча соатдан бери давом этди. Axios’нинг ёзишича, музокаралар Майамидаги Стив Уиткоффга тегишли гольф-клубда ўтказилган.
Музокараларда АҚШ томонидан АҚШ давлат котиби Марко Рубио, президентнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Украина томонидан эса Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ва Украина ТИВ раҳбариятининг юқори мартабали вакиллари қатнашган.
The Wall Street Journal манбаларига кўра, учрашувда Украинада сайловларни ўтказиш учун эҳтимолий тақвим, ҳудудлар бўйича келишув имконияти, хавфсизлик кафолатларига оид баҳсли нуқталар ҳамда урушни тўхтатиш учун техник ва сиёсий шартлар муҳокама қилинган.
Оқ уй манбалари музокараларнинг асосий мақсади ҳудуд ва хавфсизлик масалаларидаги охирги келишмовчиликларни бартараф этиш эканлигини билдирди.
Уиткофф музокараларнинг «ижобий атмосферада» ўтганини айтди.
Украина ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Кислица эса «илиқ ва ишончли муҳит» мавжудлигини таъкидлади.
«Музокаралар жуда самарали бўлди, лекин олдинда яна жуда катта иш турибди», – деб баёнот берди Марко Рубио учрашув якунида.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Россия билан ҳам доимий алоқада бўлиб, Москва позициясидан яхши хабардор.
Рубио шу билан бирга, 1 декабрь куни Стив Уиткофф Москвага боришини ҳам тасдиқлади.
Яқин кунларда Стив Уиткоффнинг Москвага сафаридан кейин жараён янада аниқроқ шакл олиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter