Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трампнинг ошкор қилиш буйруғидан сўнг НУЖлар архиви ғойиб бўлди

Трампнинг ошкор қилиш буйруғидан сўнг НУЖлар архиви ғойиб бўлди

АҚШ ҳукуматига тегишли махфий ҳужжатларнинг 3,8 миллионтадан иборат архиви президент Дональд Трамп ўзга сайёраликларга оид барча материалларни ошкор қилиш ҳақида кўрсатма берганидан бир кун ўтиб, Black Vault серверидан ғойиб бўлди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Black Vault асосчиси, тадқиқотчи ва уфолог Жон Гриневалднинг маълум қилишича, 20 февраль куни асосий сервер тозаланган ва натижада номаълум учар жисмлар (НУЖ), Марказий разведка бошқармасининг махфий лойиҳалари ҳамда Жон Кеннедининг ўлдирилишига оид юзлаб гигабайт ҳужжатлар йўқолган. Каталогларга кириш ҳуқуқлари ва файлларга эгалик журналлари изоҳсиз ўзгартирилган.

Гриневалднинг таъкидлашича, барча 3,8 миллион файл олдиндан хавфсиз жойларда архивланган бўлиб, сайт тез орада қайта тикланган. Унинг сўзларига кўра, ҳолат серверга режали техник хизмат кўрсатиш пайтида хостинг-провайдер хатоси билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо атайлаб ўчириш эҳтимоли ҳам истисно қилинмайди.

Black Vault 30 йилдан ортиқ вақт давомида махфий дастурлар ва ўзга сайёра технологияларини ўрганиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақидаги махфийликдан чиқарилган материалларни тизимлаштириб келади. Архивда Марказий разведка бошқармаси, ҳарбий базалар ҳужжатлари ва гувоҳлар ҳисоботлари жамланган бўлиб, 1940 йиллардан буёнги маълумотлар ҳамда Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун (FOIA) асосида олинган материаллар эркин қидирув учун тақдим этилган.

Дональд Трамп 20 февраль куни мудофаа вазири Пит Хегсетга ҳукуматнинг ўзга сайёра ҳаёти, НУЖ ва номаълум ҳаво ҳодисаларига оид ҳужжатларини ошкор қилиш бўйича топшириқ берганини маълум қилган. Оқ уй раҳбари бу маълумотларни “жуда мураккаб, аммо ниҳоятда қизиқарли ва муҳим масалалар” деб атаган.

Бундан сал аввал Трамп АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани ўзга сайёраликлар мавжудлиги ҳақида махфий маълумотларни ошкор қилгани учун танқид қилиб, буни “катта хато” деб баҳолаган эди. Гап Обаманинг блогер Брайан Тайлер Коэнга берган интервьюси ҳақида кетмоқда. У ўзга сайёраликлар мавжудлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, “улар ҳақиқий”, деган, бироқ шахсан ўзи уларни кўрмаганини таъкидлаган.

“Уларни (ўзга сайёраликларни) 51-зонада сақлашмаяпти. Ер ости иншоотлари ҳам йўқ, агар буни АҚШ президентидан яширишмаган бўлса...”, — дея қўшимча қилган Обама.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг