Туркиянинг дўстларда ҳайрат, рақибларда ҳасад уйғотаётган янги қуроли
Туркия учувчисиз парвоз қилувчи ҳарбий қурилмалар бозоридаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Яқинда мамлакат ҳаво кучларига Bayraktar Akinci TİHA деб аталган учувчисиз қурилмалар тақдим этилган эди. «Baykar Makina» мудофаа ширкати яқин муддатда Bayraktar TB3 бўйича изланишлар ҳам якунланишини маълум қилди.
«Baykar Makina» компанияси бир неча йиллардан бери учувчисиз парвоз қилувчи жанговар аппаратлар яратиш устида тадқиқотлар олиб бормоқда. Ушбу изланишлар маҳсули сифатида 2009 йили Bayraktar TB1 қурилмаси яратилди. Беш йил ўтиб, ширкат унинг янги авлодини тақдим этди. Bayraktar TB2 8 км баландликда 24 соату 34 дақиқа давомида парвоз қилиб, ўрта масофага парвоз қилувчи учувчисиз қурилмалар орасида рекорд ўрнатди. Bayraktar TB2 узоқ муддат давомида ҳавода кузатув олиб бориб, нисбатан қисқа фурсатда нишонни йўқ қилиш имконига эга.
Bayraktar TB2 Сурия, Ливиядаги ҳарбий ҳаракатларда самарали фойдаланилган. Учувчисиз қурилма рақибларнинг ўнлаб танклари, вертолётлари, артиллерия тизимини ишдан чиқарган, душман жангчиларни маҳв этган. Хусусан, Туркия томонидан Шом тупроғида амалга оширилган «Фурот қалқони» (Fırat Kalkanı), «Зайтун новдаси» (Zeytin Dalı Harekâtı) каби операцияларда қўл келгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Bayraktar TB2 Туркиянинг Курдистон ишчи партияси террорчиларига қарши курашида ҳам кенг қўлланмоқда. «Baykar Makina» мудофаа ширкати ишлаб чиқараётган учувчисиз қурилма 2020 йил октябрь, ноябрь ойларида Тоғли Қорабоғдаги жангларда яна бир карра синовдан ўтди.
Озарбойжон Bayraktar ТВ2 қурилмалари ёрдамида рақиб объектларига кучли зарба берди. Таҳлилчиларга кўра, расмий Бокунинг қўли баланд келган жангда Туркия учувчисиз қурилмалари ҳам ғалабага сезиларли ҳисса қўшди.
Мудофаа бозорида Bayraktar ТВ2 қурилмалари харидоргир бўлиб бормоқда. Анқара мазкур қурилмаларни ҳозирга қадар Украина, Қатар, Туркманистон, Озарбойжон каби давлатларга етказиб берган. Яқиндан бошлаб Туркия ўз тарихида илк бор Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган Польшага ҳам учувчисиз қурилмаларни сота бошлади. Янги битимга мувофиқ, Польшага 24 дона Bayraktar ТВ2 етказиб берилади.
Жорий йил 29 август куни Туркия армияси Bayraktar Akinci TİHA қурилмаларини қабул қилиб олди. Янги авлод аслаҳаларни топшириш маросимида қатнашган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия мазкур технологияга эга бўлган учинчи давлатга айланганини қайд этди.
«Биз дунёга учувчисиз технологиялар ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятимизни кўрсата олдик. Туркия энди фақат сотиб оладиган мамлакат эмас, биз ишлаб чиқариш ва сотишга ҳам қурбимиз етишини исботладик», – деди Р.Т.Эрдўғон.
Эътиборга молик жиҳати, Bayraktar Akinci TİHA буткул Туркияда ишлаб чиқарилган қисмлардан таркиб топган. Янги авлод қурилма 12200 метр масофада, 360 км/соат тезликда, 24 соат давомида парвоз қила олади.
«Baykar Makina» ширкати ҳамраиси Селжук Байрактарга кўра, жанговар учувчисиз қурилмаларнинг учинчи авлоди 2022 йилда илк парвозни амалга оширади.
«Яқин келажакка назар ташласак, Bayraktar TB3 концепциясини кўришимиз мумкин. Cунъий йўлдошда бошқариладиган бу учувчисиз парвоз аппарати минглаб километр масофани босиб ўтади. Биз Bayraktar TB2дан бироз каттароқ ва Akıncı учувчисиз парвоз қурилмасидан кучсизроқ бўлган ҳужум дронлари ҳақида гапиряпмиз. Янги учиш аппарати учиш-қўниш йўлаги қисқа бўлган кемаларга қўна олиш қобилияти билан ажралиб туради. Бу дунёдаги турдош намуналарда кам учрайди», – дейди Массачусетс технология институти битирувчи Селжук Байрактар.
Охирги йилларда Туркия мудофаа саноатида мустақилликка эришишга ҳаракат қилмоқда. Анқаранинг Россиядан С-400 тизимини сотиб олиши ортидан АҚШ томонидан санкция жорий этилиши мудофаа соҳасидаги изланишларни жадаллаштирди.
Маълумотларга қараганда, мамлакатда сўнгги йилларда қурол ишлаб чиқариш бўйича импорт кескин қисқарган, бу борадаги кўрсаткич 80 фоиздан 20 фоизга камайган. 2002 йили Туркияда мудофаа саноати йўналишида 62 та корхона фаолият юритган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 1500 га етган. Мудофаа саноатидаги товар айланмаси 1 миллиард доллардан 11 миллиард долларга, мудофаа лойиҳалари бюджети эса 5,5 миллиард доллардан 60 миллиард долларга ўсган. Ушбу ўзгаришларни инқилоб деб атаган президент Эрдўғон Туркия ҳарбий-мудофаа соҳасидаги ютуқларини дўст мамлакатлар билан ўртоқлашишга тайёрлигини ҳам таъкидлаган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter