Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина урушини қоралаган россиялик таниқли сиёсатчига суд ҳукми ўқилди

Украина урушини қоралаган россиялик таниқли сиёсатчига суд ҳукми ўқилди

Россиянинг Екатеринбург шаҳри собиқ ҳокими Евгений Ройзман мамлакат армиясини обрўсизлантиришда айбланиб маҳкамага тортилди.

24 август куни ҳибсга олинган сиёсатчининг жамоат масканлари ва тадбирларга бориши, шунингдек, интернет ва алоқа воситаларидан фойдаланиши тақиқланди. Унга фақат яқин қариндошлари, адвокатлар ҳамда терговчи билан мулоқот қилишга рухсат этилади.

Е.Ройзман айбини тан олмаган. Адвокат эса судьяга Нобель мукофоти соҳиби Дмитрий Муратов, ёзувчи Борис Акунин ва бошқа атоқли шахсларнинг судланувчи шахсига оид ижобий тавсифномаларини тақдим этган. Шунга қарамай, маҳкама енгиллик бериш сўровини рад этган.

«Инсон учун энг улуғ қадрият бу – эркинликдир. Ёшим улғайгани сари кўнгилдаги фикрларни эркин билдириш бебаҳо қадрият эканини англай бошладим», – деган собиқ ҳоким судда. 

Е.Ройзман Екатеринбургда ҳибсга олингач, уйида, унга қарашли жамғарма ва музейда тинтув ўтказилган. Маҳкамада қайд этилишича, сиёсатчи жорий йил 1 июль куни YouTube тармоғида эълон қилинган лавҳада Украинадаги урушни танқид қилган ва шу орқали «сиёсий вазиятни беқарорлаштириш»га уринган. Екатеринбургнинг собиқ ҳокими аввалроқ уч марта Россия қуролли кучларини обрўсизлантиришда айбланиб маъмурий жаримага тортилган. Хусусан, у Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг «Украинадаги ҳарбий операция АҚШ яккаҳокимлигига барҳам беришга қаратилгани» хусусидаги фикрига ижтимоий тармоқда кескин эътироз билдирган. Ўшанда унга жарима тайинланганди. Бу гал эса полиция жиноий иш қўзғатган.

Е.Ройзман 2003-2007 йилларда Давлат думаси депутати бўлган, 2013-2018 йилларда Екатеринбург мэри лавозимида фаолият юритган. У оғир хасталикларга чалинган болаларга кўмак кўрсатувчи хайрия жамғармасига ҳам асос солган. Е.Ройзман Украина босқинини очиқ қоралаётган россиялик саноқли сиёсатчилардан бир экани айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг