Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия армияси таркибида Украинага қарши жанг қилган қозоғистонлик қамалди

Россия армияси таркибида Украинага қарши жанг қилган қозоғистонлик қамалди

Қарағанда вилояти суди Топар қишлоғида яшовчи 34 яшар эркакни Украинадаги урушда қатнашгани учун олти йил-у саккиз ойга озодликдан маҳрум қилган. Тергов ҳужжатларига кўра, у шу йилнинг март ойида «Вконтакте» орқали «Вагнер»чилар билан боғланиб, тўлов эвазига урушда қатнашишга рози бўлган. Шундан сўнг у Россияга етиб бориб, ўқув-машғулот лагерида қайта тайёрловдан ўтган ва май ойида Украина чегарасини кесиб ўтиб, Бахмут яқинидаги жангларда қатнашган.

Рус миллатига мансуб Қозоғистон фуқаросининг Украинага қарши урушдаги саргузаштлари кўпга чўзилмаган. У икки ҳафтага бормай жанглардан бирида яраланиб, сафдан чиққан. Қозоғистонга қайтганидан сўнг эса орадан кўп ўтмай қўлга олинган.

Суд ушбу шахснинг ҳаракатларини «конституциявий тузумни ағдариш ёки бузишга ёхуд давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган» ҳарбий амалиётларда иштирок этиш сифатида малакалаган ҳамда уни ёлланма фаолиятда айбдор деб топиб, олти йил-у саккиз ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бундан ташқари. Суд қарорида «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати томонидан тўлаб берилган 205 минг рублдан ортиқ пулни мусодара қилиш кўзда тутилган.

Эркак судда айбига иқрор бўлгани, пулга муҳтожлик ортидан бундай қарорга келганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қонунчилигида бошқа давлат армиясида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноий жавобгарликка тортиладиган ёлланма фаолият сифатида таснифланади ва бунинг учун жавобгарлик белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг