Украинани тиклаш қанчага тушиши айтилди

Яқин 10 йил мобайнида уруш оқибатида вайрон этилган Украина инфратузилмасини қайта тиклаш учун камида 524 миллиард доллар маблағ керак бўлади. Бу ҳақда БМТ бош котибининг Европа, Марказий Осиё ва Америка масалалари бўйича ўринбосари Мирослав Йенца БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида маълум қилди.
Бош котиб ўринбосари Россия томонидан Украина фуқаровий инфратузилмасига зарбалар берилаётганини қоралар экан, ҳужумлар оқибатида зарар кўлами тобора ортиб бораётганини айтган.
Қайд этилишича, Россия Украинага бостириб кирган 2022 йил 24 февраль кунидан буён ҳужумлар оқибатида 13580 нафар украиналик тинч аҳоли вакили, жумладан, 716 нафар бола ҳалок бўлган.
Мирослав Йенцанинг бонг уришича, Украинада гуманитар вазият тобора ёмонлашмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида тинч аҳоли вакиллари ўртасида жабрдийдалар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга ортган. Аҳоли пунктларига узоқ масофага учувчи ракеталар ва дронлар орқали ҳужумлар кўпайган. Аҳоли озиқ-овқат, сув, электр таъминоти ва тиббий хизматлар борасида жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Украина аҳолисининг 3,7 миллион нафари яшаш жойини тарк этиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчган бўлса, 6 миллион нафари хорижда қочқин сифатида яшамоқда.
БМТ бош котиби муовини Хавфсизлик кенгашидан Украинадаги тинч аҳоли ва фуқаровий инфратузилмани ҳимоя қилиш, инсонпарварлик кўмагини ошириш ва гуманитар операциялар ўтказишга эътибор қаратишни сўраган.
Сўнгги вақтларда Россия ва Украина Истанбулда музокаралар ўтказмоқда. БМТ бош котиби ўринбосари дипломатик мулоқот доирасида урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилиши муҳимлигини таъкидлаган.
Россия босқини оқибатида Украинага етказилган зарар кўлами турлича баҳоланмоқда. Икки ҳафтача муқаддам Германия канцлери Фридрих Мерц
Москва уруш оқибатида Украинага етказган зарарни қоплаш учун тахминан 500 миллиард евро товон тўлаши кераклигини айтганди.
Буюк Британиянинг “The Times” газетаси ҳисоб-китобига кўра эса, урушдан кейин Украинани тиклаш учун ҳозирги баҳолашлар бўйича тахминан 400 млрд фунт стерлинг (532 млрд АҚШ доллари атрофида) маблағ керак бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter