Венесуэла Гайана билан юз йилдан бери талашиб келаётган Эссекибо ҳудудини ўзининг 24-штати деб эълон қилди
Венесуэла президенти Николас Мадуро қўшни Гайананинг ғарбий қисми — Эссекибони мамлакат таркибига киритиш тўғрисидаги фармонларни имзолади, деб хабар бермоқда ОАВ. Гайана-Эссекибо деб номланган ҳудуд Венесуэланинг 24-штатига айланди.
Венесуэла президенти жами олтита ҳужжатни имзолади. Биринчи фармон Эссекибо мудофааси бўйича миллий комиссияни, иккинчиси — Гайана-Эссекибо интеграциялашган мудофаа зонасини яратишни назарда тутади. Николас Мадуро, шунингдек, Эссекибода давлат нефть-газ компанияси бўлинмаларини тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Бундан ташқари, Мадуро фармон билан Венесуэланинг янги харитасини маъқуллади, унда Гайана-Эссекибо ҳудуди мамлакат таркибида акс этган. Капитан Алексис Родригес Кабелло 24-штатнинг ягона раҳбари этиб тайинланди.
3 декабрь куни Венесуэлада маслаҳат (яъни қонуний кучга эга бўлмаган) референдум бўлиб ўтди, унда мамлакат аҳолисидан Гайана-Эссекибо штатини яратишга ва унинг аҳолисига Венесуэла фуқаролигини беришга розилик сўралди. Овоз берганларнинг 95 фоиздан ортиғи ташаббусни қўллаб-қувватлади. 6 декабрь куни Николас Мадуро янги Гайана-Эссекибо штати ташкил этилганини эълон қилди.
Венесуэла ва Гайана юз йилдан ортиқ вақтдан бери Эссекибо бўйича баҳслашмоқда. Венесуэла уни ҳар доим ўзиники деб ҳисоблаган, чунки мустамлакачилик даврида бу ҳудуд замонавий Венесуэланинг бошқа ҳудудлари каби Испания қироллигига тегишли эди. 1899 йилда, Гайана Британия мустамлакаси бўлганида, халқаро арбитрлар Эссекибони Британия таркибига кирадиган чегараларни тасдиқлашди.
Венесуэла ҳукумати фикрича, ҳозир можарони ҳал қилишнинг ягона йўли Гайана мустақиллигидан олдин Буюк Британия билан тузилган 1966 йилдаги Женева келишувидир.
Эссекибо инқирози 2015 йилда минтақа қирғоқлари яқинидаги Гайана ҳудудий сувларида нефт ва газ конлари топилганидан кейин янада кучайди. Венесуэла ҳам ушбу ҳудудий сувларга даъвогарлик қилади. 2023 йил сентябрида Гайана олтита хорижий нефт компаниясига, жумладан Американинг «ExxonMobil» компаниясига ушбу сувларда бурғулаш учун рухсатнома берди.
Гайана президенти Ирфон Али мамлакат Венесуэладан ўзини ҳимоя қилишга тайёрланаётганини айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter