Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой Трампнинг режасидан “жиддий хавотир”да

Хитой Трампнинг режасидан “жиддий хавотир”да

Трамп “Олтин гумбаз” 4 йилда ишга тушишига ваъда берган.

Фото: AFP

Хитой АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан “Олтин гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими барпо этилаётганидан жиддий хавотирда, деб маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нин.

Расмий Пекин таъкидича, Вашингтоннинг ушбу ҳарбий лойиҳаси салбий оқибатларга олиб келади, хусусан, фазода ҳам қуролланиш пойгасини авж олдиради.

“Қўшма Штатлар “АҚШ ҳаммадан аввал” сиёсатини юритар экан, ўзининг мутлақ хавфсизлигини таъминлашга уринмоқда. Аммо бу ҳаракат бошқа давлатларнинг хавфсизлигини таҳдид остида қолдиради ва глобал стратегик мувозанат ҳамда барқарорликни издан чиқади. Хитой бундан ўта хавотирда”, – деган Хитой вакили.

Пекин Оқ уйни ушбу режадан воз кечиш ва йирик давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга даъват қилган.

Президент Доналд Трамп 20 май куни “Олтин гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишга Фазовий қўшинлар генерали Майкл Гетлейнни масъул этиб тайинлади. 175 миллиард долларлик лойиҳа биринчи навбатда Хитой ва Россия томонидан эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган.

Трамп “Олтин гумбаз” тизими бутун АҚШ ҳудудини баллистик ва гипертовушли ракеталар ҳамласидан ҳимоя қилишини айтган.

“Олтин гумбаз” тизими тўла-тўкис ишга тушгач, дунёнинг у чеккасидан, ҳатто космосдан учирилган ракеталарни ҳам тутиб қолади”, – деган сиёсатчи.

Трамп янги ҳарбий тизим президентлик муддати якунида, 2029 йилнинг январида ишга тушишини қайд этган.

Аммо экспертлар лойиҳанинг бундай қисқа муддатда ишга тушишига шубҳа билдирмоқда. Қолаверса, ҳарбий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими жуда катта маблағ талаб этади. Конгресснинг бюджет бошқармаси ҳисоб-китобига қараганда, “Олтин гумбаз” тизими учун йигирма йил ичида тахминан 831 миллиард доллар керак бўлади.

Қўшма Штатларни ракеталардан ҳимоя қилувчи тизим яратиш ташаббуси айни пайтда Исроил фойдаланаётган “Темир гумбаз” тизимидан илҳомланган ҳолда илгари сурилган. Бироқ экспертлар Исроил ҳудуди ихчам экани, АҚШ каби улкан ҳудудли мамлакатни ракета ҳужумидан бутунлай ҳимоя қилиш эса хомхаёл эканини айтмоқда.

Аввалроқ АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг истеъфодаги адмирали Марк Монтгомери ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш учун 7-10 йил вақт керак бўлиши, ўшанда ҳам тизим чекланган ҳолда – фақат муҳим федерал марказларни ҳимоя қилиши мумкинлигини таъкидлаганди.

Дарвоқе, Хитойдан фарқли ўлароқ, Россия ҳукумати Трампнинг “Олтин гумбаз” ташаббусига вазминлик билан муносабат билдирган.

“Агар Қўшма Штатлар ракета ҳужуми таҳдиди мавжуд деб ҳисобласа, албатта, ракета ҳужумидан мудофаа тизимини ишлаб чиқади. Бундай салоҳиятга эга барча давлатлар ана шундай йўл тутади”, – деган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Трамп таклиф этаётган тизим ядро қуроли борасидаги глобал мувозанатга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Шунга кўра “Олтин гумбаз” тизими Россияда ҳам хавотир уйғотади, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг