Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой ва Мўғилистонда бубонли ўлат аниқланди. Касалликнинг Ўзбекистонда тарқалиши хавфи борми?

Хитой ва Мўғилистонда бубонли ўлат аниқланди. Касалликнинг Ўзбекистонда тарқалиши хавфи борми?

2023 йилнинг 14 августида Хитой ва Мўғилистонда, ҳар иккала давлатда 3 тадан бубонли ўлат касаллиги аниқланди. Ўлат энг даҳшатли касалликлардан бири ҳисобланиб, бутун инсоният тарихида юз берган учта ўлат пандемияси юзлаб миллион одамлар ҳаётига зомин бўлган.

Ўлат – табиий ўчоқли зооноз касалликлар гуруҳига мансуб инфекция бўлиб ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Ўлат, одатда табиий ўчоқдаги касаллик микробини юқтириб олган кемирувчилар орасида тарқалади. Касал кемирувчидан касаллик микробини соғлом кемирувчига бургалар ва каналар чақиши орқали юқади. Касалликни ёввойи ҳайвонлар орасида кенг тарқалиши эпизоотия жараёни деб аталади.

Эпизоотия кечаётган худудларда мунтазам яшайдиган маҳаллий аҳоли ёки мавсумий ишлайдиган одамларга касаллик бурга ва каналар чақиши орқали юқади. Бунда асосан ўлатнинг бубонли шакли (бубон – ўлат микроби зарарлаган ва шишган лимфа тугуни) кузатилади. Бубон шаклидаги ўлат ҳозирда 95-98 фоизни ташкил қилади. Касаллик вақтида аниқланиб замонавий даволаш чоралари ўз вақтида ўтказилганда деярли барча ҳолларда касалланганлар тузалиб кетади.

Агар ўлат микроби ҳаво орқали юқса ўпка шакли, оғиздан юқса ошқозон-ичак шаклида кечади. Шаклидан қатъи назар вақтида даволанмаган беморларда микробни қонда кўпайиши орқали сепсис шаклида оғир кечиб ўлимга сабаб бўлади.

Касаллик оғир интоксикация синдроми, иситма, терининг, лимфа тугунларининг, ўпканинг шикастланиши, септик ҳолат билан тавсифланади. Ўзбекистонда мавжуд табиий ўчоқларда эпиоотияларни вақтида аниқлаб уларни эпидемияга айланиб кетмаслигини олдини олиш билан мунтазам тизимли равишда шуғулланадиган ўлатга қарши тизим муассасалари мавжуд бўлиб улар ўчоқлар фаоллашган пайтларда керакли профилактик тадбирлар олиб борилади.

Касалликни ҳаво йўллари ва қуруқликдаги йўллар орқали чет эллардан кириб келишини олдини олиш мақсадида 50дан ортиқ чегара кесиб ўтиш жойларида кечаю-кундуз фаолиятдаги санитария-карантин пунктлари ташкил этилган.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб бизда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, дейилади Санепидқўмита хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг