Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Яқин Шарқда куч усулидан воз кечиш вақти келди» – Қозоғистон сенати раиси

«Яқин Шарқда куч усулидан воз кечиш вақти келди» – Қозоғистон сенати раиси

Сўнгги йилларда инсоният мисли кўрилмаган таҳдидларга дуч келди ва курраи арздаги барча ихтилофлар бир-бирига боғлиқ бўлиб қолмоқда, дейди Қозоғистон Парламенти сенати раиси, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи котибияти раҳбари Маулен Ашимбаев.

Бугун, 8 октябрь куни Остона шаҳрида бошланган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи котибиятининг XXII мажлисида нутқ сўзлаган Маулен Ашимбаев Яқин Шарқдаги вазиятга алоҳида тўхталди, деб хабар бермоқда Xabar.uz мухбири.

«Ҳозир Яқин Шарқда ўта мураккаб вазият юзага келди. Биз барчамиз ушбу минтақада таранглик муттасил кучайиб бораётганидан жуда хавотирдамиз. Қозоғистон тинч аҳоли қурбон бўлмаслиги ва вазият янада мураккаблашмаслиги учун барча томонларни куч усулларидан воз кечишга чақиради. Бу жиҳатдан, Яқин Шарқдаги зиддиятларни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойиллари доирасида, фақат сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга доир шошилинч чора-тадбирлар кўриш лозимлигини таъкидлаймиз», – деди Қозоғистон Парламенти сенати раиси.

Нотиқ дунё бўйлаб «қайноқ нуқталар» кўпайиб бораётгани, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, қашшоқлик, табақаланиш, иқлим бўҳронлари кучаяётгани, ихтилофлар халқаро тартиб-интизомни издан чиқараётганини урғулади. 

У, шунингдек, «нафрат тили» кенг тарқалаётганини хавотирли тенденция деб баҳолади.

«Биз турли кучлар халқаро тарангликдан радикал ғояларни ёйиш, ксенофобияни кучайтириш ва «нафрат тили»ни тарқатиш йўлида фойдаланаётганини кузатмоқдамиз. Боз устига, дунёда яна террорчи ва экстремистик гуруҳлар фаоллашди», – деди М.Ашимбаев.

Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи котибияти раҳбари Ер сайёрасини ўргимчак тури каби чирмаб олган ихтилофларни босқичма-босқич ҳал этиш учун маънавий дипломатияни кучайтиришни таклиф қилди.

М.Ашимбаев динлар ва тамаддунлар ўртасида мулоқот ташаббусларини қўллаб-қуввватлаш Қозоғистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолишини ҳам қайд этди.

Халқаро машваратда 20 дан зиёд давлат вакиллари, ислом, насронийлик, яҳудийлик, синтоизм, буддавийлик, ҳиндуизм ва бошқа эътиқод намояндалари,  халқаро ташкилотлар масъуллари қатнашмоқда.

Анжуманда сўз олган турли дин намояндалари дунёда рўй бераётган зиддиятлар, хунрезликларнинг олдини олишда диний етакчилар фаол бўлиши лозимлигини таъкидлаётир.

Йиғилишда муҳим масалалар қатори 2023-2033 йилларда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойини такомиллаштириш концепциясида кўзда тутилган вазифаларга эътибор қаратилмоқда.

Қозоғистон 2003 йилдан буён Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойини ўтказиб келади. Машваратдан кўзланган мақсад динлараро мулоқот анъаналарини мустаҳкамлаш, диний жамоалар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳурматни чуқурлаштиришдан иборатдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг