Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ОАВнинг эркинлашуви шунчаки соҳавий ўзгариш эмас

ОАВнинг эркинлашуви шунчаки соҳавий ўзгариш эмас

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида жамиятимизда эришилган энг салмоқли ютуқлардан бири — сўз эркинлиги ва ОАВ соҳасидаги ислоҳотлар бўлди.

Бугун глобал ахборот макони давлатлар тараққиётига бевосита ва кучли таъсир кўрсатмоқда. Сўз эркинлиги нафақат журналистиканинг касбий эҳтиёжи, балки давлат бошқаруви самарадорлиги ҳамда фуқаролик жамияти ривожини акс эттирувчи кўзгудир. Муаммолар очиқ айтиладиган, фикрлар эркин билдириладиган ва соғлом мулоқот бор жойдагина ислоҳотлар ўз мевасини беради. Бугун Ўзбекистонда ҳам очиқлик ва жамоатчилик билан доимий мулоқот давлат бошқарувининг бош қоидасига айланмоқда.

Очиқ жамиятда матбуот — давлат, жамият ва фуқаро ўртасидаги ишончли кўприкдир. Бугун сўз эркинлиги нафақат журналистларнинг касбий ҳуқуқи, балки ҳар бир фуқаронинг ўз фикрини қўрқмасдан айта олишини англатади. Айнан шу сабабли замонавий журналистикадан воқеаларни шунчаки ёритиш эмас, балки уларнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилиш, муаммоларнинг туб илдизига етиб бориш талаб этилмоқда.

Мамлакатимизда 2017 йилда қарийб 1500 та оммавий ахборот воситаси фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 2700 тага яқинлашди. Шуларнинг қарийб 67 фоизи нодавлат нашрлар ва платформалардир. Илгари жамоатчилик фикрини шакллантирган ахборот майдонлари — телевидение, радио ва газеталар сафига янада кенг ахборот таратиш имконияти ва аудиторияга эга интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар ҳам қўшилди.

Фото: ЎзЖОКУ

Инфратузилма, экология, таълим ва соғлиқни сақлаш каби ҳаётий соҳалардаги муаммоларни очиқ муҳокама қилмасдан туриб, уларнинг тизимли ечимига эришиб бўлмайди. Айниқса, давлат органларидан ахборот олиш қийинлашган вазиятда жамоатчилик назорати энг самарали дастакка айланади. Бундай назорат қарорлар қабул қилинишини шаффофлаштиради ва ижро ҳокимиятининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлайди. Шу боис, давлат идоралари матбуот хизматларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиб, уларнинг ОАВ билан тўғридан-тўғри, тизимли мулоқоти йўлга қўйилди.

Хусусан, давлат органлари қошидаги ахборот хизматлари раҳбарларининг мақоми ва масъулияти оширилиб, уларга раҳбарнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси даражаси берилди. Вазирлик ва ҳокимликлар матбуот хизматлари фаолиятини доимий баҳолаб бориш тизими жорий этилди. Шунингдек, расмий муносабат билдириш тезкорлигини ошириш мақсадида барча давлат идораларида матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказиш бўйича мажбурий тартиб белгиланди.

Давлат органлари матбуот хизматларини ривожлантириш масалаларига бағишланган селектор йиғилиши, 2021 йил.
Фото: Facebook

Бугун хусусий телеканаллар, интернет нашрлари ва блогерлар жамиятни қийнаётган муаммоларни тобора фаолроқ кун тартибига олиб чиқилмоқда. Ноқонуний қурилишлар, дарахтларнинг кесилиши, йўллардаги хавфсизлик ёки давлат идоралари ишидаги камчиликлар ҳақидаги чиқишлар катта жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўляпти.

Мана шундай чиқишлар давлат бошқарувида очиқлик, масъулият ва халқ олдида ҳисоб бериш талабини кундан-кунга кучайтиришга хизмат қиляпти. Эндиликда ОАВ ёки блогларда кўтарилган масалалар кўп вазиятларда масъул ташкилотларнинг эътиборини муаммога қаратишнинг энг муҳим ва энг таъсирли воситасига айланиб улгурди.

Миллий матбуотимизнинг энг заиф нуқталаридан бири — воқеа-ҳодисаларни юзаки баён этиш, муаммоларнинг асл сабабларини тизимли таҳлил қилолмаслик билан боғлиқ эди. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотларнинг илк давридаёқ ОАВ олдига аниқ талаб қўйган: матбуот шунчаки кузатувчи эмас, муаммоларнинг туб омилларини очиб берувчи ва танқидий таҳлил юритувчи қудратли куч бўлиши шартлгини таъкидлаганди:

Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман.

Янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва цензурага йўл қўйилмаслиги алоҳида мустаҳкамланди. Шунингдек, Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазосининг чиқариб ташланиши ахборот соҳасини либераллаштириш йўлидаги тизимли қадам бўлди.

Мазкур ҳуқуқий ўзгаришлар рақамли нашрлар ва мустақил лойиҳаларнинг фаоллашишига, ахборот маконининг кенгайишига хизмат қилди. Хусусан, қонунчиликдаги бундай енгилликлар жамиятда муқобил фикрлилик муҳитини шакллантириб, илгари тилга олиниши мураккаб бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни дадил кўтариб чиқишга йўл очди. Натижада анъанавий нашрлар билан бир қаторда янги ахборот платформалари, суриштирув лойиҳалари ва тармоқлардаги муаллифлик блоглари жамоатчилик фикрини шакллантирувчи, давлат идораларининг фаолиятига холис баҳо берувчи таъсирчан кучга айланди.

Рақамли технологиялар ахборот маконидаги анъанавий муҳитни бутунлай ўзгартирди. Эндиликда аудитория фақатгина тайёр контентни истеъмол қилмай, балки ахборотни мустақил яратиш ва тарқатиш имкониятига ҳам эга.

Бундай шиддатли жараёнда тезкорлик билан бир қаторда маълумотларнинг холислиги, фактларни чуқур текшириш (фактчекинг) ва касбий масъулият устувор аҳамият касб этмоқда. Рақамлашув ахборот тарқатишдаги аввалги яккаҳокимликка (монополияга) чек қўйиб, давлат органлари ва таҳририятлардан янги воқеликка тезроқ мослашишни ҳамда иш услубларини янгилашни тақозо қилмоқда.

ОАВ ва матбуот соҳасида кадрлар муаммосини бартараф этиш мақсадида қилинган муҳим ишлардан бири Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилиши бўлди. Ўқув дастурларига медиаменежмент, фактчекинг (ахборотни текшириш) ва рақамли журналистикага оид замонавий фанлар киритилди. Бу каби ўзгаришлар соҳа учун замонавий технологиялар билан ишлай оладиган, касбий стандартларни яхши биладиган мутахассислар тайёрлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Фото: ЎзЖОКУ

Шавкат Мирзиёев яқинда соҳа ходимлари йўллаган табригида давлатнинг сўз эркинлиги борасидаги қатъий позициясини яна бир таъкидлади:

Мен мамлакат раҳбари сифатида миллий оммавий ахборот воситаларимиз давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажариш баробарида халқимизни умуммиллий манфаатлар асосида бирлаштирадиган, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизни эзгу мақсадлар сари етаклайдиган қудратли маънавий кучга айланиши учун барча ёрдам ва кўмакни кўрсатишга доимо тайёрман.

Мухтасар айтганда, ОАВнинг эркинлашуви ва трансформациялар — шунчаки соҳавий ўзгариш эмас, балки кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлидаги стратегик қадамдир. Жамиятдаги ижтимоий жараёнларни чуқур таҳлил қила оладиган ва фактларга таянадиган муҳитни яратиш орқали биз миллий манфаатларимизни ахборот хуружларидан ҳимоя қила оламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг