Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур сиёсатшуносга муносиб жавоб – Марказий Осиё интеграцияси қандай кечмоқда?

Машҳур сиёсатшуносга муносиб жавоб – Марказий Осиё интеграцияси қандай кечмоқда?

1997 йилда америкалик машҳур сиёсатшунос, АҚШ президенти Жимми Картер маъмуриятида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлган Збигнев Бжезински ўзининг дунё сиёсий тафаккурига катта таъсир кўрсатган «Буюк шахмат тахтаси» китобини ёзди.

Ушбу асарда муаллиф XXI асрдаги асосий геосиёсий рақобат Евросиё ҳудудида кечишини таъкидлаб, Марказий Осиёни ҳам ана шу катта ўйиннинг муҳим қисми сифатида баҳолаган эди.

Бжезинский Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин пайдо бўлган янги мустақил давлатларнинг келажаги ҳақида фикр юритар экан, минтақадаги сиёсий беқарорлик, чегара муаммолари, ресурслар учун рақобат ва ташқи кучларнинг таъсири кучайиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Унинг таҳлилларида Марказий Осиё икки томонлама хавф остида кўрилган: бир томондан, Россия, Хитой ва АҚШ каби йирик кучлар манфаатлари тўқнашадиган ҳудуд сифатида; иккинчи томондан эса янги мустақил давлатлар ўртасида ички зиддиятлар келиб чиқиши мумкин бўлган минтақа сифатида.

Аммо орадан 25 йилдан ортиқ вақт ўтиб, бугунги воқелик Бжезинский тасаввур қилган сценарийдан анча фарқ қилаётганини кўрсатмоқда.

Марказий Осиё ташқи кучлар рақобати майдони бўлиб қолиш ўрнига, ўз манфаатлари ва умумий тараққиётини белгилай оладиган мустақил минтақавий маконга айланиб бормоқда. Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Ахир дарҳақиқат ўз вақтида Марказий Осиё давлатлари ўртасида келишмовчиликлар бўлиб ўтган ва ҳатто чегаралар миналаштирилган эдику. Қандай қилиб минтақа ўзаро рақобатчи давлатлардан интеграция сари дадил кетаётган ҳудудга айланди?

Ҳаммаси ҳақида бир бошдан.

«Шахмат тахтаси» ёзилган давр: хавотирлар учун асос бор эди

Бжезинский ўз китобини ёзган даврда Марказий Осиёдаги сиёсий вазият ҳақиқатан ҳам мураккаб эди. 1990-йилларда янги мустақил давлатлар давлатчилик институтларини шакллантираётган, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошираётган ва ташқи сиёсатда ўз ўрнини белгилаётган эди. Уларда собиқ иттифоқдан қолган бир қатор муаммолар мавжуд бўлган.

Энг аввало, бу – чегара масалалари эди. Совет даврида республикалар ўртасидаги маъмурий чегаралар мустақилликдан кейин халқаро давлат чегараларига айланди. Аҳоли аралаш яшайдиган ҳудудлар, анклавлар ва тарихий боғлиқликлар бу масалаларни мураккаблаштирди.

Иккинчи омил – сув ва энергетика масаласи эди. Юқори оқимдаги Тожикистон ва Қирғизистон билан қуйи оқимдаги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича турли қарашлар мавжуд эди.

Учинчи омил – хавфсизлик муҳити эди. Афғонистондаги беқарорлик, терроризм ва экстремизм таҳдиди минтақадаги хавфларни оширарди.

Шу сабабли айрим таҳлилчилар Марказий Осиёда нафақат ташқи кучлар рақобати, балки давлатлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар ҳам юзага келиши мумкинлигини тахмин қилган. Таъкидлаш керакки, Бжезинский хавотирлари асоссиз эмас эди. Ҳақиқатдан ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида Марказий Осиё давлатлари ўртасида муаммолар бўлди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон муносабатларида чегаралар, транспорт, сув ва хавфсизлик масалалари бўйича жиддий келишмовчиликлар кузатилди. Давлатлар ўртасидаги муносабатлар совуқлашди, чегаралар ёпилди, аҳоли ҳаракати чекланди.

Аммо минтақада Бжезинский етарлича баҳолай олмаган муҳим омил мавжуд эди – Марказий Осиё халқларининг тарихий яқинлиги ва давлатларнинг ўзаро манфаатдорлигидир. Мана шу жиҳатлар 2016 йилдан бошлаб бўй кўрсата бошлади.

Ўзбекистон омили: минтақада янги сиёсий муҳит

Марказий Осиёдаги ўзгаришлар ҳақида гапирар эканмиз, унда Ўзбекистоннинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим бўлади. 2016 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг мамлакат ташқи сиёсатида янги босқич бошланди.

Янги раҳбариятнинг асосий устувор йўналишларидан бири – қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш, ишончни тиклаш ва яхши қўшничилик муҳитини яратиш бўлди.

Бу ёндашувнинг асосий ғояси шундан иборат эдики – Марказий Осиёдаги барқарорлик ҳар бир давлатнинг алоҳида муваффақияти эмас, балки барча мамлакатларнинг умумий манфаатидир. Ўзбекистон минтақа марказида жойлашгани ва иқтисодий ҳамда демографик салоҳияти юқори бўлгани сабабли унинг ташқи сиёсати бутун минтақадаги муҳитга катта таъсир кўрсатди.

Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларда бурилиш

Шавкат Мирзиёев сиёсати натижасида Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Илгари мураккаб бўлган масалалар музокара ва ўзаро манфаат асосида ҳал этила бошлади.

Чегара пунктлари очилди, савдо-иқтисодий алоқалар кенгайди, халқлар ўртасидаги муносабатлар тикланди. Бу жараён нафақат икки томонлама алоқаларни яхшилади, балки бутун Марказий Осиёда янги сиёсий ишонч муҳитини шакллантирди.

Энг муҳими – давлатлар бир-бирини хавф ёки рақиб сифатида эмас, балки тараққиёт шериги сифатида кўра бошлади.

Ҳамкорлик – ташқи кучлар ўйинига қарши энг муҳим кафолат

Бжезинскийнинг асосий таҳлилида Марказий Осиё кўп жиҳатдан ташқи кучлар манфаатлари кесишадиган ҳудуд сифатида кўрилган эди. Дарҳақиқат, минтақа Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа кучлар учун стратегик аҳамиятга эга.

Аммо бугунги тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ташқи кучлар рақобатига қарши туришда энг муҳим омил – минтақанинг ички бирлиги ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликдир. Агар Марказий Осиё давлатлари ўзаро келиша олмаса, ташқи кучларга минтақадаги таъсир учун рақобат қилиш осонлашади.

Аксинча, давлатлар умумий манфаатлар асосида ҳаракат қилса, минтақа ташқи рақобат объекти эмас, мустақил сиёсий субъектга айланади. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий тараққиёт, балки геосиёсий мустақилликнинг ҳам муҳим омилидир.

Янги Марказий Осиё модели

Сўнгги йилларда шаклланган янги минтақавий модель айнан шу тамойилга асосланмоқда.

Унинг асосий хусусиятлари:

- яхши қўшничилик;
- ўзаро ишонч;
- умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш;
- ташқи кучлар ўртасидаги рақобатда мустақил позицияни сақлаш.

Бу жараён Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари шаклланишига олиб келди. Ушбу формат давлатларга ўз муаммоларини ўзлари муҳокама қилиш ва умумий қарорлар ишлаб чиқиш имконини берди. Кейинчалик бу ҳамкорлик Озарбайжон билан муносабатлар орқали янада кенгайди. Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги яқинлашув транспорт, савдо, энергетика ва стратегик ҳамкорлик соҳаларида янги имкониятлар яратмоқда.

Хулоса: Бжезинскийнинг шахмат тахтаси ўзгарди

Бжезинский ўз даври учун муҳим ва чуқур таҳлил берган эди. У Марказий Осиёнинг стратегик аҳамиятини тўғри баҳолади. Аммо у минтақанинг энг муҳим кучини – давлатларнинг ўзаро яқинлашиш ва ҳамкорлик қилиш салоҳиятини тўлиқ ҳисобга олмади.

Бугун Марказий Осиё уруш ва рақобат эҳтимоли юқори бўлган ҳудуд эмас, балки ҳамкорлик ва умумий тараққиёт ғояси кучайиб бораётган минтақадир. Бу ўзгаришда Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати, айниқса Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик ва очиқ мулоқотга асосланган ёндашуви ҳам муҳим ўрин тутди. Шунингдек, Мирзиёевнинг ташаббусини қўллаб қувватлаган қўшни давлатлар етакчиларини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

Бжезинскийнинг «шахмат тахтаси»даги Марказий Осиё катта кучлар ўйинининг майдони эди. Бугун эса у тобора кўпроқ ўз тақдирини ўзи белгилаётган, ҳамкорликка асосланган мустақил минтақавий марказга айланмоқда.

Зафар ҚОСИМОВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг