Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бензин импортчиларини қийнаётган 7 муаммо

Бензин импортчиларини қийнаётган 7 муаммо

Фото: Xabar.uz

Рақобат қўмитаси бензин импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда қўмита раиси ўринбосарлари Асадулла Қаюмов ва Фаррух Карабаев иштирок этди, деб хабар берди идора матбуот хизмати.

Очиқ мулоқотда муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, хусусан, автомобил бензини импортини ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Тадбиркорлар уларни қийнаётган 7 та муаммони санаб ўтган:

  1. Автомобил бензини импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун банклар томонидан ажратилган кредит юкламаси юқорилиги;
  2. Логистика нархлари юқорилиги, Россиядан Келес чегарасигача бўлган масофа (1700 км) учун бир тоннаси учун 150 доллар бўлган бир пайтда ички темир йўл орқали ташиш хизмати 8-10 км учун 15-20 долларни ташкил этиши;
  3. Импорт қилинган бензин барча стандартларга тўғри келиши ва сифати талабга жавоб бериши юзасидан Россия томонидан берилган ҳужжатлар борлигига қарамай, республикага олиб кирганда қўшимча мажбурий сертификатлашдан ўтказиш;
  4. Импорт қилинган бензин маҳсулоти учун ҚҚС тўловини тўлаш муддати қисқалиги;
  5. Импорт қилиш ниятида хорижий давлатларга пул маблағларини ўтказиб берганда, ушбу маблағлар геосиёсий вазиятлардан келиб чиқиб тақиқларга тушиб қолган вақтларда маҳсулот ўз вақтида етиб келмаслиги; айни шу даврда маҳсулот релизация қилинмаган, бироқ маблағлар ўтказилгани учун солиққа тортилиши ҳолатлари;
  6. Импортёрлар катта ҳажмларда бензин маҳсулотини олиб кирганда уларни сақлаш учун сиғимлар мавжуд эмаслиги ҳамда мавжуд бўлган сиғимлар ижараси қимматлиги;
  7. Туркманистондан бензин харид қилиш жараёни жуда кўп вақтни талаб қилиши, натижада айланма пул маблағларининг музлаб қолиши.

Эслатиб ўтамиз, Россия бензин экспортига 1 мартдан вақтинчалик тақиқ киритганди. Экспорт тақиқи ЕОИИ мамлакатлари, Мўғулистон, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга келишилган етказиб бериш ҳажмларига тааллуқли эмаслиги қайд этилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг