Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бизга сифатли йўл керак эмас!» — Автомобиль йўллари қўмитаси Синов лабораторияси жиҳозлари ва биносини олиб қўйгани айтилмоқда

«Бизга сифатли йўл керак эмас!» — Автомобиль йўллари қўмитаси Синов лабораторияси жиҳозлари ва биносини олиб қўйгани айтилмоқда

Бутун дунё инновация ва янги технологияларни ривожлантириш учун илмий-тадқиқот институтлари моддий-техник базасини кучайтирмоқда. Лабораторияларга жиҳозлар бермоқда. Бизда эса, аксинча, олиб қўйишяпти.

Раиснинг буйруғида бирорта «бериш» ҳақида жумла йўқ

Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг 134-сонли буйруғида бирорта «бериш» ҳақида жумла йўқ. 133-буйруғининг 2-иловасида эса лаборатория машиналарини олиб қўйишга кўрсатма берилган.

Бинони олиб қўйишди. Бўлим ва ходимларни тортиб олишди. Жами олтита замонавий лаборатория машинаси ва бир нечта ускуналарни олиб қўйишди. Бизнинг дардимизни эшитадиган ҳеч ким йўқ. Лабораторияни эса номини ўзгартириб, «йўлга қадам қўймаслик» шарти билан қолдиришибди, — дейди «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» Синов лабораторияси бўлими бошлиғи Салоҳиддин Қурбонов.

«Ҳаммаси тинч ва силлиқ» бўлишини хоҳлашади

Эътиборлиси, ушбу Синов лабораторияси Транспорт вазирлигидаги аккредитациядан ўтган йўл соҳасидаги ягона лаборатория ҳисобланади. Бўлимда халқаро сифат-менежмент тизими (ISO 17025-2017) жорий қилинган. Ходимлар сертификатланган юқори малакаси кадрлар ҳисобланади.

«Йўлларнинг сифати ҳақида фақатгина саноқли лабораториялар бор натижаларни қўрқмасдан беради. Шулар қаторида биз ҳам бор эдик. Бизга 2020-2021 йилларда турли идоралар босим қилиб судма-суд судраб юришди. Очиқчасига «шу ишдан кетгин» деган босимларни эшитганман. Ҳаққоний синов натижалари ҳеч кимга керак эмас. «Ҳаммаси тинч ва силлиқ» бўлишини хоҳлашади. Мен бундай бўлишига рози бўлмаганман. Автойўл қўмита гарчи давлат идораси бўлсада, давлат манфаати эмас, «бошқалар» манфаатини ўйлади. Бу умуман тўғри эмас. Соҳада тизим, кадрлар ва бошқа масалаларда фикрларимиз турлича. Шунинг учун бизга босим бўлди деб ўйлайман», қайд этади мутахассис.

Буюртмачи кимга ишонади?

Буюртмачи учун лаборатория аккредитацияси у томонидан олинган барча ўлчовлар ва тадқиқотлар иложи борича ишончли бўлишининг кафолатидир. Шу сабабдан буюртмачилар ишончли синовларни амалга оширадиган лабораторияларни излайдилар. Бундай лабораторияларни факат аккредитациядан ўтганлар рўйхатидан топиш мумкин. АЙИТИ Синов лабораторияси «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДУК расмий сайтида бор — давлат реестри рўйхат рақами O'ZAK.SL.O2lЗ.

Маълумки, синов лабораториясининг аккредитациядан ўтиши бу унинг ваколатини расман тан олиш, норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлашдир. Аккредитациядан ўтиш, мувофиқликни тасдиқлаш жуда мураккаб жараён, бу жуда катта меҳнатни талаб қилади. Бунда нафақат шу объектда бўлиши керак бўлган бино, жиҳозлар, ускуналар, меъёрий ҳужжатларга, балки ходимларга ҳам катта талаблар қўйилган.

«Синов лабораториямиз бу жараёнларга 5 йил давомида тайёргарлик кўрган. «Ўзбекистон аккредитация маркази» баҳолаш комиссияси томонидан халқаро ISO стандартларига жавоб бериши тасдиқланган. Яна шуниси ҳам борки, синов лабораториямиз техник даражасини, ходимлари компетентлигини тасдиқлаш учун мунтазам равишда, яъни бир йилда бир марта «Ўзбекистон аккредитация маркази» баҳолаш комиссияси томонидан қайта баҳоланади. Синов лабораторияси 2023 йил август ойида ижобий баҳоланиб, фаолиятини давом эттириб келмоқда. Бу шуни англатадики, синов лабораториясида компетент ходимлар ишлайди, лабораторияда яратилган шароитлар, лаборатория жиҳозлари халқаро стандарт талабларига жавоб беради. Эндиликдаги лабораториямизнинг олдига қўйган мақсадларидан бири ILAC келишувига аъзо бўлиш — ходимларимизнинг малакаси, салоҳияти, лаборатория инфраструктураси бунга имкон беради. Бу бизга лаборатория аккредитация доирасида халқаро шартномаларда қатнашишга имкон беради ва турли мамлакатлардаги лабораториялардан олинган синов ҳамда калибрлаш натижаларини тан олиш орқали халқаро савдо тизимини ривожлантиришга ёрдам беради.

АЙИТИ Синов лабораториясида илмий тадқиқот ишлари олиб борилади. Синов лабораторияси бошлиғи, лаборатория бош мутахассис ходимлари Ачилов Н.Н., Мирахмедов М.Н. илмий тадқиқот ишлари натижалари тўғрисида «Архитектура, муҳандислик ва замонавий технологиялар», «EURASIAN JOURNAL OF ACADEMIC RESEARCH» ва бошқа илмий журналларга мунтазам мақолалар ёзиб туришади. Маълумки, мамлакат ҳудудининг тоғли қисмларидан етказиб бериладиган тош материаллари етишмаслиги, материалларни ташишга кетадиган катта харажатлар йўлларни қуришнинг таннархи ошишига олиб келади. Шу сабабли, автомобиль йўллари учун қопламаларни қуришда фойдаланиладиган материал структурасини шакллантириш самарадорлигини оширадиган кимёвий қўшимча ва цемент билан мустаҳкамланган грунтнинг физик-механик хусусиятлари ўрганилиб, тадқиқотлар ўтказилди, натижада миллий маҳсулот — полимер яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 3-иловаси 60-63-бандлари асосида АЙИТИ ДК Синов лабораторияси шароитида аниқланган таркиб асосида тажриба-синов майдонлари қурилган. Бундан мақсад, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, қуришга йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдир», дейди Салоҳиддин Қурбонов.

Ишлаб турган Синов лабораториясини тугатишга асос борми?

— Асос йўқ, — дейди Салоҳиддин Қурбонов.

«Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор (ПҚ-330)да янги Марказ тузилиши кўрсатилган, аммо, унда йўл-қурилиш материаллари синов лабораторияси бўйича аниқ мақсад йўқ. Шунингдек, Автойўл қўмитаси раисининг марказни тузиш бўйича 116-сонли буйруғида ҳам Марказ Синов лабораторияси орқали илмий-тадқиқот ишларини бажариш назарда тутилмаган.

Асосий мақсад эса қуйидагича: Синов лабораториясини Марказга бериб юбориш ва аккредитацияси кучини йўқотиш. Марказга қайта ишга олишда яна шартнома тузишлари керак ва катта эҳтимол билан йўл сифати учун курашиб «бош оғриғи» бўлганлар умуман ишсиз қолдирилади. Натижада эса, гўёки қонуний йўл билан ёки ваколатдан фойдаланиб, ишлаб турган ва гуллаётган идорани бутунлай кучсизлантиришади. Балки, бундан бошқа ёмон ниятлари ҳам бордир», қайд этади мутахассис.

«Бизга сифатли йўл ҳам, инновация ҳам керак эмас экан»

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, Автойўл қўмитаси назоратида ва буюртмачилигида Илмий-тадқиқот институти инновациялар бўйича ишлаш лозим. Бугунгача 10 та мавзуда ишлаш кўрсатилган эди. Аммо, бор-йўғи тўртта мавзуга маблағ ажратилди. Тажриба-синов майдонларини қуриш ва кузатув олиб бориш лозим эди. Аммо, бир нечта бор хат бериб, тажриба-синов майдонлари қуришга жой ва пудратчига маблағ беришни айтиб келганмиз. Лекин ёрдам берилмади. Инновацияларга маблағ ажратиш бўйича Автойўл бошқармалари билан тортишувлар бўлди. Бир нечта идоралар ва раҳбарлар аралашуви билан 5,0 млрд сўм маблағнинг 1,5 млрд қисми берилди.

Агар қўмитага сифат керак бўлса, сифатни бошқариш тизими ва Синов лабораториялар фаолиятини кенгайтириш, моддий-техник базасини янгилаш устида ишлаган бўларди. Аммо қўмита аксинча иш тутмоқда. Ишлаётган лабораториянинг ускуна ва машиналарини олиб қўйиш ва яратилган тизимни парчалаш билан шуғулланмоқда.

Шуниси аниқки, ҳар қандай соғлом инсон ишлаётган ва натижа бераётган ташкилотни барбод қилиш ёки тугатиш, шунингдек, сифат учун курашадиган ходимларини йўқотиш ҳақида ўйламайди. Фақатгина соғлом бўлмаган муҳитдан шундай қарорларни кутиш мумкин», қўшимча қилади Салоҳиддин Қурбонов.

Ҳаммаси тамомми?

Бугунги кунга келиб «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» жойлашган биноси ва моддий-техник базаси, қуёш панеллари билан жиҳозланган, ходимлар учун барча шароитлар яратилган, тиббиёт, овқатланиш, дам олиш, архив, кутубхона, малака ошириш ва хорижий меҳмонларни қабул қилувчи хоналаридан ҳамда лаборатория ва диагностика техникалари сақланадиган гаражларидан айрилди.

Мамлакатимиздаги кўприклар бўйича муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва тадқиқотлар ўтказиш мақсадида «Кўприклар ва суъний иншоотлар» бўлими ташкил қилинган ва президент қарори асосида монолит кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш бўйича 2023 йилда тажриба-синов участкаси қуриш лозим эди. Ушбу бўлим ходимлари ва уларнинг ўлчов воситалари тўлиқлигича янги тузилган «Ўзкўприк» кластерига бериб юборилди. Эндиликда «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти»да ходимлар ва кўприкларни ўрганувчи механизм бўлмаганлиги сабабли, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб борилмайди.

Шунингдек, илмий-тадқиқот ишлари натижасида қурилган тажриба-синов майдонларини ташхис қилиш ва мониторинг қилиш мақсадида олиб келинган кўпфункцияли диагностика машиналари (Dynatest MFV) бошқа идорага бериб юборилди ва бўлим тугатилди.

«Агар илмий-тадқиқот ишларини кузатмасангиз, камчилик ва ютуқларини мониторинг қилмасангиз, қандай қилиб натижаларга баҳо берасиз? Ваҳоланки, бутун дунёда илмий-тадқиқот ишларида 2-3 йил давомида мониторинг ва кузатув олиб борилади. Солиштириш учун: айнан «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти»га ўхшаш қўшни давлатларда ҳам илмий-тадқиқот институтлари мавжуд. Россияда — РОСДОНИИ, Беларусда – БЕЛДОРНИИ, Қозоғистонда – КАЗДОРНИИ. Уларнинг моддий-техника базаси ва олиб бораётган ишларига ҳавас қилса арзийди. Ҳукумат томонидан молиялаштириладиган тадқиқот ишлари билан биргаликда, ўзини-ўзи молиялаштириш механизми ҳам фаол ишлайди. Замонавий, энг сўнгги ва юқори аниқликдаги синов ва ўлчов воситалари, диагностика ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Сифатли ва хавфсиз йўл қуриш учун илмий асослар ушбу идораларда яратилади. Биз ҳам улар билан ҳамкорлик қилиб, охирги 3-4 йилда шунга ўхшаган тизим ва ишлар яратишни бошлаган эдик. Афсуски, энди бошлаган ишларимиз қўллаб-қувватлов ўрнига босим ва тазйиқларга учради. «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти»ни жорий йил бошидан буён қарийб 30 нафар ходим тарк этди. 

Хусусан, ҳар томонлама босим ва тазйиқ ҳисобига жорий йилнинг декабр ойининг ўзида директор, директор ўринбосари (олим инсон), 3 нафар бўлим бошлиғи, ўндан ортиқ мутахассислар ишдан бўшади», дейди мурожаатчи.

Таҳририятдан: Йўл соҳасида янги технологиялар ва инновацияларни жорий қилиш бўйича иш бошлаганига кўп бўлмаган, аммо бу қисқа вақт ичида бир нечта йўналишда тадқиқотлар олиб бориб, 20 га яқин тажриба-синов майдонларини қурган, АҚШ, Германия, Франция, Россия, Италия, БАА, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган илмий-тадқиқот институти ва лабораториясини йўқ қилиш шартмиди? 

Ҳолат юзасидан Автомобиль йўллари қўмитасидан изоҳ сўралди, бироқ сўровимизга тўлақонли жавоб бўлмади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг