Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Текин пишлоқ ёки «AVTO 60 OY» ҳақида

Текин пишлоқ ёки «AVTO 60 OY» ҳақида

«AVTO 60 OY» МЧЖ ҳақидаги хабарни ўқиб, бир нечта хулосалар чиқариш мумкин:

Биринчидан, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масаласи ҳуқуқий маданиятни ошириш билан тенг аҳамиятли. Сабаби одамлар энг оддий, элементар молиявий қоидаларни билишмайди, қаерда «арзон» ёхуд ҳаттоки «текин» сўзларини кўрса, ўша ерга ўзини уради.

Аҳмадбой масаласида минглаб инсонлар миллиардлаб пулларига куйиб қолганини кўра билиб турса ҳам, дарс бўлмайди, улар янги Аҳмадбойларни қидириб топади, янги Аҳмадбойлар сари пулини қучоқлаб югуради.

Аввал туяқуш, мана энди, автокредит масаласи. Юқорида номи тилга олинган «AVTO 60 OY» фирмаси одамлардан 57 млрд сўм йиғиб олган. Бу 6 млн доллар бўлади. 6 млн доллар, Карл! Мана шу хабарларни ўқиб туриб ҳам, одамлар «фоизсиз кредит» деб реклама қиладиган бошқа фирмаларга ишонаверади.

Иккинчидан, халқнинг «осон бойиб кетиш»га иштиёқманд бўлиши унинг топиш даромадлари пастлиги, қийинроқ йўлдан бўлса ҳам бойиш имкониятининг деярли мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Улар осмондан 100 млн сўм топишга иштиёқманд бўлади, чунки оддий халқ вакили бошқача йўл билан Ўзбекистонда 100 млн сўм топа олишига кўзи етмайди, бунақа имконияти ҳам йўқ.

Учинчидан, халқанинг ёппасига арзон шартлардаги автокредитга ўзини уриши мамлакатдаги автосаноатнинг монополияси билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Масалан, ривожланган мамлакатларда машина олиб бераман, деб алдайдиганлар деярли учрамайди, сабаби бунга шароит яратиб берувчи сунъий омиллар йўқ.

Аммо бизда халқ учун бошқа муқобил, қулай вариант йўқ. Ўзи автосалонлардан олай деса, машиналар қиммат, кредитлар ставкаси баланд, бозорда арзон танлов йўқ, бўлиб тўлаш бўйича таклифлар мавжуд эмас. Агар монополия давом этаверса, ҳеч қачон бунақа таклифлар бўлмайди ҳам.

Халқ эса навбатдаги фирибгарларга миллионлаб долларини қўш-қўллаб олиб боради. Алданаверади, алданаверади...

Бизнинг монополлар эса «Биз монополияга қаршимиз» деб баёнотлар бераверишади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг