UzAuto Қозоғистонда автомобил ишлаб чиқаришни тўлиқ циклда ташкил этади
«O’zavtosanoat» АЖ ва Қозоғистоннинг Allur компанияси мамлакатда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Имзолаш маросими Тошкентда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Склярнинг видеомурожаати билан очилди. Шунингдек, маросимда Ўзбекистонга UzAuto билан келгусидаги ҳамкорлик ва стратегик муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташриф буюрган GM катта вице-президенти ва GM International президенти Шилпан Амин ҳам иштирок этди.
Томонлар имзоланган битимга кўра келгусида Allur автомобил заводи қувватларида Chevrolet Onix автомобилини йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 30 000 донани ташкил этадиган кичик узелли (CKD) усулида йиғиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканликларини билдиришди. Лойиҳани амалга ошириш учун 50 миллион долларга яқин инвестициялар жалб қилинади. Бу Қозоғистоннинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиради ва Қозоғистон бозорини ҳам, бошқа потенциал экспорт бозорларни ҳам замонавий автомобиллар билан таъминлайди.
Эришилган келишувга кўра, «O’zavtosanoat» МДҲ мамлакатларидаги автомобил ишлаб чиқарувчилар орасида етакчи бўлиб, Аллур заводини муҳандислик ва техник таъминот билан таъминлайди, шунингдек Chevrolet Onix автомобилини йиғиш ва ишлаб чиқариш бўйича хизматларни кўрсатади.
Тадбир давомида жаноб Шилпан Амин «UzAuto» компанияси раиси Шавкат Умурзаков раҳбарлигида директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентев бошчилигидаги «Allur» компанияси билан ҳамкорликда автомобилсозлик соҳасида жуда қисқа вақт ичида Қозоғистон бозорида етакчиликни қўлга киритганини таъкидлади. «Биз шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларига, Бош вазир Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаевга, ҳамда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярга Қозоғистонда Chevrolet брендининг етакчилигига эришиш йўлида кўрсатган катта қўллаб-қувватлаши ва ёрдами учун миннатдорчилик билдирамиз», — деди жаноб Шилпан Амин.
«O’zavtosanoat» АЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков ҳам ўз навбатида фикрларини билдириб ўтди.
«Қозоғистонда кичик узелли йиғиш усули билан (CKD) автомобилларни ишлаб чиқариш учун технология, экспертларнинг билим ва тажрибасини узатишдаги ушбу келишув икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам алоқалар ва савдо-саноат кооперацияси соҳасидаги яқин ҳамкорлик туфайли амалга оширилди», — деди «O’zavtosanoat» АЖ бошқарув раиси.
Шунингдек Шавкат Умурзаков Ўзбекистонни МДҲ автомобил хабига айлантиришдаги кўмаги учун GM компаниясига миннатдорчилик билдирди.
«Allur» директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентев тадбир давомида шундай деди: «Ўзбекистон ҳукумати, UzAuto ва General Motors компаниясига Allur заводини МДҲ мамлакатларидаги GM автомобилсозлик стратегиясига интеграция қилиш имконияти, шунингдек, Қозоғистонда Chevrolet автомобилларини юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдираман. Бу ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги иқтисодий ўсишга ёрдам беради».
Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли режада томонлар бозорлардаги эҳтиёжлар ва истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, автомобил моделларини янгилаш ва кенгайтириш имкониятларини келишиб олишди. Автомобилсозлик соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки давлат иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқади, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириб, экспорт бозорларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter