Бразилия — Швейцария: Каземиронинг голи пентакампеонларни гуруҳдан олиб чиқди
Қатардаги жаҳон чемпионатининг G гуруҳида 2-турнинг иккинчи ўйини якунига етди: Доҳадаги «Стэдиум 974»да Бразилия ва Швейцария терма жамоалари ўзаро куч синашди.
Бугун гуруҳнинг Камерун — Сербия ўйини 3:3 ҳисобида якунланган эди.
Ўйиннинг биринчи бўлими пентакампеонларнинг тўлиқ устунлигида ўтди: бразилияликлар рақиб дарвозаси томон тўрт марта зарба беришди, шундан иккитаси аниқ, бироқ Ян Зоммер барчасини қайтарди. Ўйин вақтининг 46 фоизида тўпга эгалик қилган швейцарияликлар эса рақиб дарвозасига бирон марта зарба бера олишмади: асосан ҳужумларни синдиришга зўр беришди.
Иккинчи тайм ўрталарида Винисиус Зоммерни доғда қолдириб, дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди. Бироқ ҳакам голни бекор қилди — ўйиндан ташқари ҳолат!
Тайм охирлаёзганида тинмай уринишлар ниҳоят самарасини берди: керакли пайтда керакли жойда ҳозир бўлган Каземиро бразилияликлар узоқ кутган голни киритди — 1:0.
ҚАТАР-2022. G ГУРУҲИ. 2-ТУР
Бразилия — Швейцария — 1:0
Гол: Каземиро (83).
Ўтказилган икки ўйиндан сўнг Бразилия биринчи ўринда (6 очко), иккинчи ўриндаги Швейцария 3 очкога эга. 3 ва 4-ўринлардаги Камерун ва Сербия ҳисобида бугунги ўзаро дурангдан сўнг биттадан очко бор. Бразилия муддатидан олдин гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter