Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий қўй боққанми? (Ўтмишдан даҳшатсиз эртак)

Навоий қўй боққанми? (Ўтмишдан даҳшатсиз эртак)

Тоҳир Малик

Ҳукмингизга ҳавола этилажак бу воқеа ҳозир учрамайди. Энди замон ўзгача. Йигирма-ўттиз йил аввалги кунларимиз эсга тушса, ёмон туш кўргандай чўчиб кетамиз: олий ўқув даргоҳига кирмоқ учун қанчалар азоблар чекканмиз-а! Қанчалар оғир имтиҳонлардан ўтганмиз-а! Оламга татийдиган китобларни ўқиб, синовларга тайёрланганмиз-а! Бу азобларсиз ҳам бўлар экан-ку, а? Майли, бу ёғига ўтмаймиз. Ўтмишга мўралаймиз. Мақсадимиз: ёшлар бугунги имтиҳонларнинг қадрига етишсин. Ёшлар бу баёнимизни ўқигудай бўлишса, ишонмасликлари аниқ. Шу боис, ёзганимизни «ҳангома» ёки «ҳикоя» эмас, «эртак» деб қўйдик...

Бу воқеа Америкадаги чувалчанглар Англияга кўчган йили содир бўлган эди.

Ўша йили Думбултой мактабни битирди-ю «институт» дейилгувчи даргоҳда ўқиши зарурлиги отаси томонидан ирода қилинди. Уларнинг уйларида хотиржамлик ҳукм сурарди. Шу пайтгача варақланмаган бахтиёр дарсликлар безовта қилинмасди. Думбултой топшириши лозим бўлган имтиҳонлар муаллимлар билан келишиб қўйилгандан кейин дарсликларнинг тинчини бузишга ҳожат бор эканми?

Аммо... синовларга икки кун қолганда Думбултойнинг осойишта ҳаётига безовталик суқилиб кирай деди. Тип-тиниқ осмонда момагулдирак гулдирагани каби етказилган хабар фожиадан дарак бермаса ҳам, бош оғриғини салгина қўзғаб қўйиши мумкин эди. Синовларга икки кун қолганда жуғрофия фани ўрнига адабиёт фанидан имтиҳон топшириши шартлиги Думбултойни ҳам эмас, отасини ҳам эмас, балки ўртада турган даллол йигитнинг тинчини олди. Ўпкадаги қурт ғимирлаб қолгандай, у ҳаловатини йўқотди. Лекин калласини йўқотмади. Синовни бошқарадиганларнинг дам ёқасидан кириб, енгидан чиқиб дам эса енгидан кириб, ёқасидан чиқиб, енг билан ёқа оралиғидаги масофада қилиниши лозим бўлган барча амалларни бажариб, ишни дўндирди. Эртага имтиҳон деган куни оқшомда шошилиб келди-ю самовархонага отланиб турган Тойлоққа тайинлади:

– Фақат кўп гапирсанг бўлди, тинмайсан, жаврайверасан.

– Нимани гапирай? – деб энсаси қотиброқ сўради Думбултой.

– Адабиётчилар сергап бўлишади. Гап орасида битта-иккита асарнинг номини, ёзувчининг исмини эсласанг бўлди. Адабиёт ўқигансан-ку? Бирорта асарни биларсан?

Думбултой сиз ўйлагандай чала пишган думбулфаҳм йигитча эмас. Қирқ кун аввал мактабни аъло баҳолар билан тугатган одам дарсда эшитганларини дарров унутармиди? Бир зум ўйланиб туриб, шартта айтиб юборди:

– «Пўлат қандай олинди?» Толстоев асари.

Даллол йигитнинг адабиёт бобидаги билими Думбултойникидан қолишмасди. Адабиёт тарихида «Пўлат қандай тобланди?» деган китоб борлиги, аммо унинг Лев Толстой ўлимидан анча кейин ёзилганини биров айтмаса, у қаердан билсин? Даллол йигит ўзининг фаҳмини ошкор қилиб қўймаслик учун қошларини сал чимириб, ўйланган бўлди-да, танбеҳ берди:

– Имтиҳонда ёзувчининг номини тўла айтиш керак. Толстоевнинг исми нима, биласанми?

Думбултой ҳам анойи эканми, «ҳозирча тилга келганини айтворай, кейин сўраб билиб оларман», деб қарор қилди:

– Толстоевнинг оти Ойбек-да. Буни ҳамма билади-ку?

– Ҳамма билса ҳам тўлиқ айтавер. Ўқитувчининг эсидан чиқиб қолиши мумкин.

Думбултой, таваккал айтганим тўғри чиқиб қолди-ку, деб қувонди. Даллол эса давом этди:

– Сенга домла «Навоий ва Пушкин» деган қўшимча савол беради, шуни яхшилаб ўқиб ол, довдираб юрма.

– Братан, адам қўшимча саволга келишмаганмиз, деганлар-ку? – деб минғирлади Думбултой.

– Энди, ука, ўқитувчининг ёнида комиссия ўтиради. Қўшимча саволсиз «беш» қўя олмайди-да!

Думбултой пешанасини тириштирганича жим тураверди. Даллол йигит «бола пақирни ташвишга қўйдим», деб хижолат бўлди-ю гап чувалашиб, иш бузилмасин, деб тезгина изига қайтди. Думбултой чиндан ҳам ташвишланиб турарди. Аммо унинг ташвиши имтиҳонда, айниқса, қўшимча саволда эмас, балки самовархонада сабзи-пиёз милтиллаб қайнаб туриши лозим бўлган қозонда. Уни «Садир мижғов эзмаланиб, оловни баландлатиб юборса, ошнинг расвосини чиқаради», деган ўй қийноққа сола бошлаган эди.

Мактаб билан хайрлашар чоғларида «мустақил ҳаётга қадам қўйяпсизлар», деб муаллимларидан оқ йўл тилагини олган йигитчалар мустақил ҳаётга қадамни самовархонада қўя бошлаган эдилар. Думбултойнинг бир оз кеч қолгани уларнинг танбеҳи билан тақдирланди. «Ошга ҳам апаздат қиласанми?» деган саволга «Эртага имтиҳон, домлага учраб келяпман», деди. Сўнг дўсти Садирга юзланди:

– Сен адабиётни яхши биласан, «Новвойи ва Пушкин» дегани нима ўзи?

– Ў, баракалла, бу мавзуда ярим кун гапириш керак, – деди Садир, кейин кўзларини юмиб, шеър ўқий бошлади: – «Менга Пушкин бир жаҳон-у, менга Байрон бир жаҳон, лек Навоийдек бобом бор...»

Садир ўқий бошлаган шеърини охирига етказа олмади.

– Бобонгни қўйиб тур, бор, ош ланж бўлиб кетмасин, – деди жўрабоши.

Навоий ва Пушкин масаласи шу зайлда ҳал этилди. Ошдан кейин қайта сўраш Думбултойнинг эсига келмади. Эртасига эрталаб боши карахтроқ ҳолда туриб, Садирнинг гапларини эсламоқчи бўлди: «Манга Пушкин олам жаҳон», дедими? Кейин нимайди? Ҳа, «вайрон» девди. Нимани вайрон қилиши керак экан? – Думбултой мияга зўр бериб, сатрни тиклагандай бўлди: – «Манга Пушкин олам жаҳон, манга вайрондир жаҳон...» – Думбултой ўзи тиклаган сатрга ўзи ҳам ишонқирамай яна ўйланди: – Балки «вайрон» эмас, «айрон»дир? Пушкин дегани балки айрон ичгиси келганда ёзгандир буни? «Новвойи бобом бор», деб гапни чала қилди. Пушкин айрон ичмоқчи бўлса, «қуйиб беришга Новвойи бобом бор», демоқчимиди? Унда Новвойи айронфуруш бўладими?..»

Думбултой узоқ ўйлашни ёқтирмас эди. «Бир гап бўлар», деб шартта қўл силтади-ю имтиҳонга жўнаворди.

Думбултой учун уялиш, довдираш, бировнинг салобатидан чўчиш каби одатлар бегона эди. Шу учун тортиниб ўтирмай, имтиҳон хонасига дадил кирди. Даллол йигитнинг кўрсатмасига амал қилиб, тилига келган сўзларни қайтармай, асосий саволларга дадил-дадил «жавоб берди». Жавоб беришга навбат кутиб ўтирган болаларнинг ҳингир-ҳингир кулгиси эътиборга олинмаса, унинг «жавоб»лари диққат билан тингланди. Айниқса, имтиҳон комиссияси аъзоси киприк қоқмай диққат билан эшитди. Ниҳоят, навбат «беш» баҳони таъминлаши лозим бўлган қўшимча саволга келди.

– Навоий ва Пушкин... – деди ўқитувчи Думбултойга ҳадиксираб қараб. Унинг бу қарашида «шоирларнинг номларини эшитганмикан?» деган қўрқув бор эди. – Уларнинг ижодини қандай ўрганамиз?

– Ништяк қилиб ўрганиб ташлаймиз, – деди Думбултой жавобни ҳаяллатмай. – Шунақа зўр ўрганиб ташлаймизки, уларнинг ўзлари ҳам қойил қолишади. «Кўриб қўй, Пушкин братан, ваабше бунақаси бўлмаган», дейди Новвойи.

Бу жавобни эшитган ўқитувчининг пешанасини алам билан силашдан ўзга чораси қолмади. «Энди балога қолишим аниқ», деган қўрқувда комиссия аъзосига ўғринча қараб қўйди. Навоийдан бир байт, Пушкиндан икки сатр шеър айтиб беришни сўраш ортиқча эди. Думбултой эса ҳали-бери гапни бас қиладиган эмасди. Ўқитувчи ўзини босишга, ачиган гапларни тоқат билан тинглашга қанчалик уринмасин, охири ўзини тутолмай, пичинг билан савол бериб юборганини ўзи ҳам билмай қолди:

– Навоий Пушкинни таниганми?

Саволни беришга берди-ю илоннинг думини босиб олганини англаб, росманасига қўрқиб кетди. Комиссия аъзосига яна қараб олди. Хайрият, Думбултой бу жиддий саволдан довдираб қолмади. Қўлини орқасига қилиб, бошини сал юқори кўтариб, жавобни тезлаштирди:

– Новвойи билан Пушкин битта улфатда бўлишган. Институтда ўқиб юришганда Новвойи Пушкинга қараб: «Ке, братан, бир шеър-пер ёзайлук», деган. Пушкин «Хоп, окахон», деган. Хуллас, у-бу ёзиб, газитга юборишган. Шунақа қилиб статялари чиқиб турган. Кейин зўр шоир бўлиб кетишган.

Ўқитувчи Думбултойни сўздан тўхтатиш мақсадида комиссия аъзосига қараб, «саволингиз борми?» деб сўради. Комиссия аъзоси гапга чечан бу болага маҳлиё бўлиб ўтирган эди. Ўқитувчининг мурожаатидан сўнг довдиратиб ташлайдиган савол бермоқчидай бир ўйланиб олди-да, Думбултойга қаттиқ тикилди:

– Айтинг-чи, биродар... улар қўй боқишганми?

Бу савол хонадаги барчани, ҳатто Думбултойни ҳам гангитиб қўйди. Қойил қолиш керакки, биринчи бўлиб Думбултой ўзини қўлга олди ва янада дадил гапира кетди:

– Росаям боқишган-да! – шу пайт унинг ёдига кеча самовархонада Садир айтган сатр тушди: – Улар айрон ичишни яхши кўришган. Серка деган қўчқорларини ойилари соғиб, айрон қилиб берган.

– Кимнинг ойиси, аниқроқ айтинг? – деди комиссия аъзоси.

– Пушкиннинг ойиси-да! У ёшлигида колхўзда сут соғувчи бўлиб ишлаган.

Комиссия аъзоси «маъқул» деб бош ирғаб қўйди. Ўқитувчи унинг қулоғига шивирлади:

– Жавоблари дуруст, а? «Беш» қўямизми?

– «Беш»га сал тортмай турибди. Жавобда битта хато қилди, – деди комиссия аъзоси. – «Серка» дегани қўчқор эмас, эчки бўлади.

Ўқитувчи ажабланиб турди-да, яна пичирлади:

– Навоий бундан беш юз қирқ йил муқаддам яшаган зот. У даврларда қўй «серка» деб аталган. Чунки «серка» шеърий қофияга яхши тушади. Академик Рубеннинг асарларида бу алоҳида қайд этилган.

– Буни мен ҳам биламан, – деди комиссия аъзоси қошини чимириб. – Мен бугунги кун нуқтаи назаридан айтяпман. Умуман... сизга қўшиламан. Бунақа йигитларга фақат «беш» қўйиш керак.

Думбултой имтиҳонни топширди-ю ташқарида кутиб турган оғайниларига шундай ҳисоб берди:

– Договор битта бўлса ҳам у номардлар иккита қўшимча савол беришди. Росаям қийин экан. Аммо қийиб ташладим. Чурқ этолмай қолишди, – Думбултой комиссия аъзосининг саволига берган жавоби тўғри ёки нотўғрилигига ўзи ҳам гумонда эди. Гумонини аниқлаштириш учун Садирдан сўради: – Новвойи қўй боққанми?

Садирга бу савол ғалати туюлди. Думбултой ҳазиллашяпти, деб ўйлаб, ҳазил билан жавоб берди:

– Йўқ, у мол боққан. Ҳозир ҳам унча-мунча боқиб туради.

Илова: Ҳар бир эртакнинг ниҳоясида бўлгани каби Думбултой ҳам мурод-мақсадига етибди. Бироқ комиссия аъзосининг қўшимча савол бергани барча учун сир бўлиб қолаверди. Бу сирдан фақат каминагина воқиф. Агар қизиқсангиз, баённи эринмай ўқиганингизнинг мукофоти сифатида сизга айтишим мумкин: комиссия аъзосининг фамилияси Масолиев, асосий ҳунари зоотехник бўлиб, марказий имтиҳон комиссияси котибасининг хатоси туфайли адабиёт муаллими Мирсолиевнинг ўрнига юборилган эди. Адабиёт муаллими қаерда эди, дейсизми? Қаерда бўларди, бўлажак мол дўхтирлари унга зоологиядан имтиҳон топширишаётган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг