Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уйимдаги «мегажин»

Уйимдаги «мегажин»

Ҳамма айб ўзимда...

Борар жойи йўқ, кимсаси йўқ етимча дебману уйимга бошлаб келаверибман. Эримга у ёқмади: «Кўчага ҳайда, бунақаларнинг ўрни кўчада, яхши бўлганида кимсасиз қолмасди», деди.

– Шунча мебелу, гилам сиққан уйимизда шу жонгинага жой топилмайдими, уялинг, – дедим.

«Бунинг устига, фарзандларим ҳаммаси қиз, агар бирорта ўғлим бўлганидаям уни олиб келмасдим», деб ўйладим ўзимча. Қисқаси, эрим бошидаёқ уни ёқтирмади. Эримнинг раъйига қараб, унга алоҳида жой ҳозирладик, ҳатто овқатланиши ҳам алоҳида бўлди. Оқшомлари эрим билан телевизор томоша қилиб ўтирсак, у келиб бехосдан ёнимизга ўтириб қолса борми, эрим зарда билан ўрнидан туриб кетворарди.

Ҳаммаси у бетоб бўлган кундан бошланди. Тўғрироғи, буни ўша куни англаб етдим. Унинг жони оғриётганидан бутун оиламиз билан беҳаловат бўлдик. Эрим суриштира-суриштира шифокор топди, уйга келиши, муолажа қилиши фалон пул экан. Майли, фақат келинг, шуни жони оғримасин, деди телефонда илтижо билан. Эримнинг унга нисбатан кўнгли юмшаганидан хурсанд бўлишимниям, хафа бўлишниям билолмай қолдим. Шифокор муолажа қилгач, алоҳида таомнома тузди. Эрим таомнома ёзилган қоғозни авайлаб тахлаб, кўкрак чўнтагига солиб қўйди.

Шу-шу, у нафақат алоҳида овқатланадиган, ҳатто алоҳида таом ейдиган бўлди. Бир сафар кечаси, меҳмондорчиликдан қайтаётиб эрим унинг овқати тугаб қолганини эслаб, машинани бошқа ёққа бурди. «Корзинка», «Макро», «Ҳавас»у қўйингки, соат 23:00 дан кейин ишлайверадиган озиқ-овқат дўконларининг ҳаммасини кезиб чиқиб, у ейдиган таомни топди. Мен эримнинг бу қадар унга куйиб-пишаётганидан ҳайрон, совуқ машина салонида жунжикиб ўтирганча «ўз ёғимга қовурилардим». 

Кейинчалик, эътибор берсам, ишдан келган эримга у югурганча пешвоз чиқаркан. Мен унга тўшаб берган эскироқ кўрпачанинг ўрнига бежирим ётоқ олиб келинди. У гўё маликалардек, олдимдан саллона ўтадиган одат чиқарди. Йўқ, менга сира ёмонлик қилмайди, аксинча, ҳатто унинг менга раҳмиям келадимей.

Эътибор берсам, кечаси ётоғимизга сирғалиб кириб келадиган одат чиқарибди. Уйғотиб юбормаслик учун аста мени айланиб ўтиб, эримнинг қўлларини ўпади, бурнига бурнини ишқалайди, қулоғини тишлаб тортқилайдимей. Ўзимни билмаганликка олиб ётавердим. Эрим уйғониб, уни аста сийпалаганча шивирлаб: «Ҳозир», деди. Не кўз билан кўрайки, эрим, ярим тунда ётоғимиздан оёқ учида у билан чиқиб кетди...

Энди оқшомлари у ҳам биз билан телевизор кўрадиган одат чиқарди. Безбетларча келиб, эрим иккимизнинг ўртамизга ўтириб олади. Эрим болалар ухлаганда еймиз деб олиб қўйган пистаю, чипсларни дастурхонга қўяман. У эса кўзларини сузиб, дастурхонга қарайди. Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушгани, ёнгинамда у эримнинг қўлларига юмшоқ қўлчасини қўйиб, менга ҳам бер, дейди. Эрим эса чипсни майдалаб кафтида унга едиради, пистани чақиб мағзини унинг оғзига солиб қўяди. Бу менга қанчалик эриш туюлмасин, чидашга мажбурман. Агар эътироз билдирсам, эрим «ўзинг олиб келгансан» деб оғзимга «уриши» аниқ.

Ярим тун... мана, у яна безбетларча ётоғимизга кириб келди. Бу сафар у мени айланиб ўтмади, устимдан босиб ўтиб, эримга ялтоқлана бошлади. Мен тишимни тишимга қўйиб, гўё ухлаётгандек ётибман. Ҳаммасига чидашим керак. Чунки уни уйга олиб келган ўзим, шу кўйга тушишимга ҳам фақат ўзим сабабчиман. Фақат бир нарсани аниқ биламан, у оиламни бузмайди! Чунки унинг борадиган бошқа жойи йўқ.

Эрим ҳар доимгидек, ўрнидан сирғалиб, у билан бирга ётоқдан чиқиб кетди. Ярим тун. Ҳар доимгидек, ошхонада тунчироқнинг «чиқ» этиб ёқилганию, музлатгичнинг эшиги очилгани қулоғимга чалинди. Мен кўзларимни чирт юмганча ётибман. Унинг очиққан овози тун сукунатини бузиб, бутун уйга майин эшитила бошлади: «миёв-миёв». Эрим эса унга: «Ҳозир, озгина сабр қил, буни иситиш керак» деди...

Муҳайё Саидова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг