Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

8 нафар ҳамюртимизнинг жасади Хоразмга олиб келинди

8 нафар ҳамюртимизнинг жасади Хоразмга олиб келинди

Россиянинг Пенза вилоятидаги ЙТҲда ҳалок бўлган 8 нафар ҳамюртимиз жасади Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-транспорт самолётида Ўзбекистонга олиб келинди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Хоразм вилоятидан бўлган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Ҳукумат фармойиши билан Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча, 12 январь куни Пенза вилоятига етиб бориб, Россия Федерациясининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашди ва ҳамкорлик асосида ташкилий ҳамда амалий ҳаракатлар олиб борилган.

Шундан сўнг махсус борт Россия Федерациясидан учиб, 13 январь куни соат 06:50 ларда Хоразм вилоятидаги «Урганч» халқаро аэропортга келиб қўнди.

Россия Федерацияси масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришган.

Жароҳатланган фуқароларнинг 1 нафари 12 январь куни тонгги вақтда Пенза шаҳридаги шифохонада шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Жароҳатланган яна 1 нафар фуқаро Пенза шаҳридаги касалхонада, даволаниш ишлари якунига етгандан сўнг Ўзбекистон Республикасига қайтарилади. Ҳозирги вақтда касалхонага жойлаштирилган фуқаро шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг