«Қоракўлтумангаз» АЖ мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди
«Xabar.uz»га берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 15 октябрь куни «Қоракўлтумангаз» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидланишича, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Департаментнинг Қоракўл тумани бўлими ходимлари томонидан «Қоракўлтумангаз» АЖ мансабдор шахсларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан текшириш ўтказилган. Бунда жамиятнинг бир нечта мансабдорлари ўзаро тил бириктирган ҳолда аҳоли хонадонларида ўрнатилиши лозим бўлган қиймати 260,3 миллион сўмга тенг жами 345 дона газ ҳисоблагичларни талон-тарож қилишгани аниқланган. Ҳолатга кўра, мансабдорлар мазкур газ ҳисоблагичларни истеъмолчилар хонадонида ўрнатилгани тўғрисида сохта далолатномалар тузиб, компьютер базасига киритишган.
Бундан ташқари, газ ҳисоблагичлар тегишли ҳужжатларсиз ноқонуний равишда чиқим қилиниб, сохта реестр тузиш орқали ҳисоблагичларни ўрнатиш харажатлари учун 9,5 миллион сўм пуллар пайвандчиларнинг пластик карталарига ўтказиб берилган.
«Қоракўлтумангаз» АЖ мансабдор шахслари бу ҳатти-ҳаракатлари билан истеъмолчиларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишган. Бунинг ортидан расмий ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни қалбакилаштиришда ифодаланган жиноятларни ҳам содир этишган.
Жамиятнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 3-қисми ҳамда 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда мазкур жиноят иши юзасидан Қоракўлтуман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter