Бухорода ўқувчи қиз ва ўқитувчи ўртасида жанжал юзага келди
Бухорода ўқитувчи ва ўқувчи қиз ўртасида юзага келган жанжал видеоси ижтимоий тармоқларга тарқалди. «Xabar.uz» мухбири Ромитан туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабидаги чет тили ўқитувчиси ҳамда 11-синф ўқувчи қизи ўртасидаги жанжал сабабига қизиқди.
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ирода Орипованинг билдиришича, жорий йилнинг 18 ноябрь куни чет тили фани ўқитувчиси замонавий техник жиҳозлардан фойдаланган ҳолда дарс жараёнларини олиб борган. Эҳтиётсизлик туфайли техник жиҳоз ағанаб тушган ва унга жиддий зиён етган. Шу орада ўқувчи қиз М.А. синфда тинчликни сақлаш ўрнида ўқитувчининг асабини қўзитадиган ҳатти-ҳаракатда бўлган. Ўқитувчи ўқувчини тартибга чақирган. Танбеҳларга қарамай, ўқувчи қиз ўқитувчига гап қайтаришдан тўхтамаган.
Маълум бўлишича, бундан жаҳлланган ўқитувчи ўқувчи қизни дарсдан чиқиб кетишини талаб қилган. Ўқувчи қиз яна қайсарликда давом этавергач, ўқитувчи унинг қўлидан ушлаб, синфдан чиқиб кетишга ундаган. Худди шу пайтда ўқувчи қиз ўқитувчига қаршилик кўрсатган ва тортишув жанжалга айланиб кетган.
«Синфдаги бошқа қизлар жанжалнинг олдини олиш учун ўқувчи қиз ва ўқитувчини бир-биридан ажратаётган вақтда синф йигитлари ҳолатни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборишган. Шундан сўнг, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ромитан тумани ҳокимлиги, туман Ички ишлар бўлими ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари иштирокида жойида бориб ўрганишлар олиб борилди», — деди Ромитан тумани ҳокими матбуот хизмати раҳбари Ислом Сатторов.
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбоновнинг сўзига кўра, чет тили фани ўқитувчиси асли Бухоро туманидан бўлиб, Ромитан туманининг чекка маҳалласи – Марзия маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 20-умумий ўрта таълим мактабига қатнаган ҳолда фаолият кўрсатиб келаётган бўлган.
«Мактабнинг «Одоб-ахлоқ қоидалари»га риоя қилмаган битирувчи синф ўқувчиси ва ўз вазифасини бажаришда қўполликка йўл қўйган ўқитувчининг ҳатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда»,—деди Фаррух Қурбонов.
Мавзуга қайтамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter