Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ Чинозда янги «Аҳмадбой»ни қўлга олди

ДХХ Чинозда янги «Аҳмадбой»ни қўлга олди

Чиноз туманидан «А.Н.» 2016 йилда «молиявий пирамида» ташкил қилиб, фуқаролардан пул, автомашина ва бошқа қимматликларни қабул қилиш билан шуғуллангани учун 2017 йилда суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган.

Унга нисбатан амнистия акти қўлланилиб, 2021 йилнинг декабрь ойида озодликка чиқарилган бўлсада, хатоларидан тўғри хулоса қилмасдан, аксинча «эски ҳунарини» давом эттирган.

Хусусан, «А.Н.» ўзганинг ишончига кириб, унинг бошқарувида бўлган «Спарк» русумли автомашинани 6.500 АҚШ долларига баҳолаб ҳамда қўшимча 2.000 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, умумий миқдорда 8.500 АҚШ долларини 10 ой давомида ҳар ойда 1.700 АҚШ долларидан, жами 17.000 АҚШ доллари миқдорида қайтариб беришини айтади.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у фуқаронинг «Спарк» автомашинасини ҳамда 2.000 АҚШ долларини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Дастлабки суриштирув натижасида «А.Н.» ўтказилган тезкор тадбир давомида олган 2 минг АҚШ доллари ҳамда «Спарк» автомашинаси билан қўшиб ҳисоблаганда, маълум муддатдан сўнг кўпайтириб, қайтариб бериш шарти билан жами 12 нафар фуқародан 94 минг АҚШ доллари ҳамда 4 та автомобиль ва 54 бош чорва ҳайвонларини (автомобиллар ва чорва ҳайвонларининг умумий баҳоси 394 млн. сўмни ташкил қилади) олганлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «А.Н.»га нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг