Фарғонада ҳокимият йиғилишидан чиққан раис вафот этди

Фарғона вилояти Фурқат туманида маҳалла раиси ҳокимиятдаги йиғилишдан чиққач тоби қочиб вафот этди. Мазкур ҳодисани туман ҳокимлиги тасдиқлаган.
«Туман ҳокими томонидан маҳалла раисига нисбатан қўпол муомала қилингани ва бу унинг мажлисдаги вафотига сабаб бўлгани ҳақида иддаолар илгари сурилмоқда.
Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.
Жорий йил 18 июн куни туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этган бўлиб, унда уларга зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан топшириқлар берилган. Йиғилиш танкидий руҳда ўтган, лекин туман ҳокими томонидан шахсга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатилмаган», дейилади Фурқат тумани ҳокимлиги хабарида.
Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаев йиғилиш пайтида соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабабли фаолиятини тўхтатмоқчилигини айтиб, йиғилишни тарк этган. Ҳокимлик ташқи ҳовлисида соғлиги ёмонлашганлиги сабабли тез ёрдам чақирилган, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Афсуски, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этган.
Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ҳозирча очиқланганича йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter