Фермернинг зўри — аҳолининг шўрими?
Пастдарғом тумани «Кичик Найман» МФЙда яшовчи бир гуруҳ аҳолидан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, «Хуршид насл чорваси» фермер хўжалигига оқиб ўтувчи ариқдан тошган сувдан ўндан ортиқ уйлар зарар кўрган.
«Уйларимиз пахсадан қилинган, бу бешинчи марта сув тошиши, уйларимиз ичига сув кириб кетган, захлаб ётибди. Кўчамиздан умуман юриб бўлмай қолди. Яна икки-уч марта шу ҳолат такрорланса, бошпанасиз қолишимиз аниқ», — деб жиддий хавотир билдирилади мурожаатда.
Маълум бўлишича, фермер бу ҳолатни билиб туриб ҳам яна сув тоширишда давом этмоқда.
— Хоҳлаган жойларинга мурожаат қилинглар, деб ўз билганидан қолмаяпти, ўша фермер. Биз бу муаммога ечим сўраб, туман ҳокими Шерзод Раҳмоновнинг телеграм рақамига мурожаат қилган эдик. Шундан сўнг ҳокимлик вакили — Шаҳриёр исмли мутахассис келиб, «булар ҳам режани бажариши керак-да», дея у ҳам аҳолига пўписа қилиб кетди. Нима энди, фермер режани бажариши учун биз бошпанасиз қолишимиз керакми? Ҳамма нарса инсон қадри учун деган тамойил, бизга келганда, тескари ишлайдими энди, дейилади мурожаатда.
Таҳририятдан: Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу соҳадаги муаммолар, янги ташаббус ва вазифалар таҳлилий муҳокама қилингани ҳолда, бир йил давомида республикамиз вилоятларида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши таъкидланган эди. Бунда биринчи муҳим вазифа — канал ва ариқларни бетонлаштириш, шу орқали сувнинг оқилона сарфига эришиш ва имкон қадар йўқотишларнинг олдини олиш эди.
Бу борада ўша тошқин қилиб, аҳоли уй-жойларига жиддий зарар етказаётган фермер нега амалий иш қилмади? Долзарб ойлик давомида у нега даласига сув борадиган ариқни бетонлаштирмади? Республикамизда сув сарфини иқтисод қилишдек устувор вазифа қўйилган бир пайтда, у нега томчиси олтинга тенглаштирилаётган сувни исроф қилмоқда?
Албатта, бу ҳолат масъуллар томонидан чуқур ўрганилиб, муаммо ўз ечимини топади, деган умиддамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter