Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Ғоялар» қандай туғилади ёхуд тандирга қарши «улуғ» жангнинг бошланиши

«Ғоялар» қандай туғилади ёхуд тандирга қарши «улуғ» жангнинг бошланиши

foto: chatgpt

Ҳаво ифлос. Осмон хира. У ҳам бу ҳолатдан қаттиқ қайғуда эди. Қандай қилиб буни тўхтатиш, экологияни қутқаришга қандай ҳисса қўшиш мумкин? У ташаббус кўрсатгиси келди, кейин сакраб ўрнидан турди. Бундай «қутқарувчи» фикрлар одатда одамга оқшом, кўзини шифтга тикиб, ўзини ҳамма нарсага қодир деб ўйлаган пайти келади.

– Тандир! – деб бақириб юборди. Топдим, ҳа-а, мана ҳаво нега ифлос!
Ҳаммасига тандир айбдор!
Шу заҳоти унинг хаёлида улуғ режа чақнаб кетди: «Ўзбекистондаги барча тандирларни йўқ қиламан!»
Қиличини деворга илиб қўйган Дон Кихотдай ғурур билан ўз-ўзига шивирлади: «Бир марта қиличимни ишга солсам, ҳамма тандир йиқилади…»

У хаёлига келган бу улуғвор ва ғайритабиий «топилма»дан шунчалар хурсанд бўлиб кетганидан пайпоқни тескари кийиб, кўчага чиқди:
– Ҳозироқ топшириқ беришим керак!
Унинг хаёлида шундоқ улуғ манзара пайдо бўлдики, ҳозиргина инсоният тақдирини ўзгартириб юборди гўё. Кўзлари ёниб, ичида ғурур билан яна ўша гапни қайтарди:

– Ўзбекистондаги барча тандирларни йўқ қиламан! Қиличимни бир ишга солсам тамом! Ҳаво тозариб кетади!
Йўл-йўлакай кетаркан ичида яна бир овоз унга тинчлик бермайди: «Эҳ, қанийди одамлар менинг нақадар ақлли, ҳеч кимникига ўхшамайдиган топқир, креатив фикрли эканимни билишса эди…»
У хаёлига келган бу улуғвор ва ғайритабиий «кашфиёт»дан шу қадар хурсанд эдики, гўё Нютон олмани эмас, тандирни кашф қилгандек…
У барча қўл остидаги ходимларига ўйлаган ғоясини айтди. «Биз нималарга қодир эканлигимизни кўрсатиб қўйишимиз керак, биз ҳаво ифлосланишига бефарқ эмаслигимизни, табиатни, инсониятни ардоқлашимизни исботлаш вақти келди»...

Барча бир овоздан ҳар доимгидек Унинг фикрини маъқуллади. Ҳатто бир-бирига қараб: «Жуда олижаноб одам билан ишлаймиз, фикрлари ҳар доим креатив, ҳеч кимникига ўхшамайди», дея фахрланиб ҳам қўйишди.

Мана ўша тандир билан курашга отланиш саҳнаси: Қўллар чўнтакда. Елкалар керилган. Қадамлар оғир. Тандирбузарлар нон ва сомса пишаётган, иссиқ ҳавоси одамнинг юрагини юмшатиб юборадиган тандирлар қаршисига ғолибдек чиқиб келишарди. Улар ўзларини топқир, ватанпарвар, қўрқмас, жасоратли, тарих яратяпмиз, деб ҳис қилишарди.
Ана бири осмонга қараб хўмрайиб турибди – гўё у ҳозиргина аср кашфиётини қилиб қўйгандек, кўзларида тантана....

Ҳаммаси бир вақтда ўлжаси ташланган шердек олға юрди. Қадамларида шошқалоқлик йўқ, фақат виқор бор. Гўё бу тандир эмас, бутун бир империалистик тизим эди. Гўё бу дев эди. Гўё бу асрлардан бери яшаб келаётган ёвузлик эди, халқни узоқ йиллар «заҳарлаб келган» махлуқ эди. Гўё улар тандирга эмас, бутун бир ёвузликка қарши бораяпти. Ҳа тандир уларга оғзини очиб турган аждарҳодек кўриниб кетди.

Сўнг барчаси бир вақтда тишларини ғижирлатди: «эҳ, тоза ҳаво кушандаси тандииир»...
Ва ниҳоят ботирлар, шаввозлар, кучи билан тоғни талқон қиладиган баҳодирлар қўлларига чўкич, болта, болға, тош олиб тандирларни майдалашни бошлашди. Баҳодирлар тандирнинг иссиғидан, оловдан, аччиқ тутунидан қўрқмади, кучи етмаса экскаваторлар гумбурлаб ишга тушди.

Улар тандирларни бўлакларга бўлаётганда ҳар томондан нафратини ошкор қилди:
– Тандир сен ҳали ҳавони ифлос қилганингни тан оласан…
– О, тандир, бузиб кунингни кўрсатаман!
– Чангингни чиқараман, тандир!
– О, тандир, сен билан ҳисоб-китобим бор!
– Ер билан яксон қиламан тандир!

Бу оддий ғазаб эмас эди. Бу «мафкуравий» нафрат эди, бу ҳожасига кўрсатилаётган садоқат, вафо эди. Бу хаёлий душманга қарши ҳақиқий жасорат кўрсатиш завқи эди.
Ёзувчи Мигел Сервантеснинг қаҳрамони Дон Кихотни эслайсизми? У шамол тегирмонларини хаёлида ёвуз душман деб улар билан курашга отланади. Тандир ҳам Дон Кихот курашган шамол тегирмонларидек жим эди. Тандирбузарлар эса Дон Кихотдек ғалабадан масрур эди.

Улар ҳақида ҳамма билди. Шу заҳоти машҳур бўлди.
Улар тўғри, заводларни тўхтатмади, машиналарни камайтирмади, кўмир сиёсатига аралаша олгани йўқ, четга кетаётган газимизни қайтариш ғоясини ўйлаб топмади...
Улар тандирга қарши кураш очган қаҳрамон сифатида тарихда қоладиган бўлди.
Тандирлар, яъни ҳавони ифлослаётган улкан девлар йиқилди, нонлар ҳар ёққа сочилди. Ҳисобот тайёр: «Экологияни яхшилаш учун тарихий кураш олиб борилди.»

Ҳа, «шер»лар ғалаба қилди, ёвуз девлар – тандирлар «ўлди».
Фақат осмон ҳали ҳам хира...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг