Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззахда дала ишларига олиб чиқилган маҳбуслар босқинчиликка қўл уришди

Жиззахда дала ишларига олиб чиқилган маҳбуслар босқинчиликка қўл уришди

Фото: «bessarabiainform.com»

Жиззахда пахта теримига олиб чиқилган маҳбуслар босқинчиликка қўл урди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси Анвар Ҳомидов хабар бермоқда.

Қобилжон Раҳимов хавфли рецидивист бўла туриб, бунинг учун керакли жазони ўтай туриб ҳам ақлини йиғиб олмади. У 2016 йил 24 ноябрдан бошлаб Самарқанд вилояти ИИБга қарашли УЯ 64/84-жазони ижро этиш муассасасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб келиб, 2017 йил сентябрь ойида муассаса раҳбарияти томонидан жазо муддатини ўтаётган барча маҳкумлар қатори Жиззах вилояти Арнасой туманида ташкил этилган пахта йиғим-теримига олиб келинган даврида жиноят содир этишга мойил бўлган маҳкум Баҳром Жасуров билан яқиндан танишиб қолади.

Улар 2017 йил 15 ноябрь куни биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзаро жиноий тил бириктиришади. 2017 йил 17 ноябрь куни соат 10.00 ларда Зафаробод тумани «Чўлигулистон» ҚФЙ Ўриклисой кўчасига келиб, 2-уйга девор ошиб бостириб кириб, хонадон соҳиби Ю.Кўчаровга ҳужум қилишади. Уй эгасидан пул, кийим-бош ва бошқа нарсаларни топиб беришни талаб қилиб, уриб-дўппослаб, ҳушсиз ҳолатга келтиришади. Уйдан 10000 сўмлик пичоқ, 80000 сўмлик туфли, 50000 сўмлик эркаклар жемферини, 68000 сўмлик «Дюфалак» номли дорини олишади. Уйдаги сейфнинг калитини топиш учун пичоқ билан Ю.Кўчаровга ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатадилар. Сўнгра уй эгасининг эгнида бўлган кийимларни эгаллаш мақсадида босқинчилик жиноятини давом эттираётганда ҳодиса жойига тасодифан келиб қолган Майсара Кўчарова, вояга етмаган Меҳрибон Юсупова ва Маъмур Кўчаровни кўриб қолиб, босқинчилик билан эгалланган мол-мулкни олиб чиқиб кетиш учун уларга ҳам таҳдид қилишади. Пичоқ ўқталиб, ўлдириш билан қўрқитиб, қўлга киритган нарсаларини олиб чиқиб кетишади.

2018 йил май ойининг 28-куни жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман суди бу жиноят ишини кўриб чиқди. Қобилжон Раҳимов Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ҳамда унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2011 йил 25 августдаги ҳукмига кўра тайинланиб, ўталмай қолган 2 йил 11 ой 13 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатини мазкур ҳукм юзасидан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қобилжон Раҳимов Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандига кўра ўта хавфли рецидивист деб топилди.

Баҳром Жасуров Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Баҳром Жасуровга ҳам Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг 2015 йил 29 сентябрдаги ҳукмига кўра тайинланиб, ўталмай қолган 3 йил 7 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатини мазкур ҳукм юзасидан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Баҳром Жасуров ҳам Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандига кўра ўта хавфли рецидивист деб топилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг