Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Коронавирус Италияда – ваҳимаси Ўзбекистондами?» Римдан махсус фоторепортаж

«Коронавирус Италияда – ваҳимаси Ўзбекистондами?» Римдан махсус фоторепортаж

Фото: Дилмурод Шомуродов

Куни кеча Ташқи ишлар вазирлиги Италия томони билан келишган ҳолда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятлари делегацияларининг 20 дан ортиқ сафарлари кейинроққа кўчирилгани, шу билан биргаликда Италиянинг қатор етакчи компаниялари вакилларининг мамлакатимизга ташрифлари қолдирилганлиги юзасидан маълумот тарқатди.

Сўнгги маълумотларга кўра, касаллик бугунга келиб 101 та давлатда қайд этилган бўлиб, коронавирусга чалинганлар сони Италияда ҳам кўпайиб бормоқда. Вазиятдан хабардор бўлиш мақсадида айни пайт Италия пойтахти Рим шаҳрида бўлиб турган ҳамюртимиз Дилмурод Шомуродов билан боғландик.

– Дилмурод, интернет нашрлари орқали тарқатилаётган коронавирус билан боғлиқ хабарларни кузатиб бораётган бўлсангиз керак. Хабарларга кўра, касаллик Италияда ҳам жиддий тус олган. Мамлакатда асли вазият қандай кечмоқда?

Коронавирус тўғрисидаги хабарларни кузатиб боряпман. Ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамаларга ҳам кўзим тушди. Бироқ, ОАВда коранавирус билан боғлиқ Италиядаги жараёнлар бироз бўрттиришлар билан берилмоқда. Чунки, Италия ҳукумати касалликка қарши кураш чора-тадбирларини фаол амалга ошириб келяпти. Тўғри, Европа қитъасининг бошқа давлатларига нисбатан мамлакатда касалликка чалинганлар сони кўп. Аммо, бу ваҳима қиладиган даражада эмас. Римда одатдагидек ҳаёт давом этмоқда. Ҳар куни одамлар доимгидек ўз ишига боришяпти. Италияликлар кечки сайрларни ҳам канда қилишаётгани йўқ.

– Кеча Япониядаги ҳамюртимиз билан боғланиб, у ердаги таълим муассасалари эрта таътилга чиқарилгани ҳақида маълумот олдик. Италияда бундай ўзгаришлар рўй бермадими?

 Куни кеча бизга ҳам 15 мартга қадар таътил берилди. Ўйлашимча, булар профилактик чораларнинг бир қисми, қисқа муддатли таътилдан сўнг дарслар яна бошланади. Аминманки, тез кунда ушбу касаллик чекиниб, турли миш-мишлар ва ваҳималарга ҳам якун ясалади.

Боиси, деярли ҳар куни Ўзбекистондаги яқинларим, дўстларим аҳволимдан хавотирланишиб қўнғироқ ёки хабарлар жўнатишиб мени ҳам хижолатга қўйишяпти. Шунақа пайт гоҳида «коронавирус Италияда – ваҳимаси Ўзбекистондами?» деб, хазил қилиб қўйяпман. Албатта, яқинларингиз хавотирланиши, аҳвол сўраши сизни хурсанд қилади.

Хуллас, юртдошларимизга кўп ҳам хавотирга тушавермаслигини сўраган бўлардим.

Қуйида суҳбатдошимиз томонидан Римдаги айни жараёнлар туширилган фотолавҳалар билан танишишингиз мумкин.

Маълумот учун, суҳбатдошимиз билан бир неча ҳафта илгари «Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали интервью ўтказилган.

Нурилло Тўхтасинов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг