Оҳангарондаги боғчада 3 ёшли бола ҳашаротларга қарши воситани ичиб қўйиши оқибатида вафот этди
Оҳангарон шаҳридаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2023 йилда туғилган тарбияланувчи ҳашаротларга қарши ишлатиладиган воситани ичиб юбориши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.
Аниқланишича, ҳодиса 2026 йил 28 август куни содир бўлган. Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
Маълум қилинишича, боланинг бувиси мазкур боғча ошхонасида аутсорсинг ташкилоти ходими сифатида ошпаз бўлиб ишлаган. Ҳодиса бола бувисининг ёнига ошхонага кирган вақтда юз бергани айтилмоқда.
Ҳозирда боланинг ошхонага қандай киргани, хавфли восита нима сабабдан унинг қўли етадиган жойда бўлгани ва уни сақлаш учун ким масъул экани ўрганилмоқда.
Расмий муносабатда ҳодиса юзасидан якуний хулоса ваколатли органлар томонидан олиб борилаётган тергов ва суриштирув натижаларига кўра берилиши таъкидланган.
Тергов ишлари давом этмоқда. Айбдорлиги аниқланган шахсларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиши маълум қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter