Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўқувчи темир сейфни бузиб, катта пул ўмарди

Ўқувчи темир сейфни бузиб, катта пул ўмарди

Бухоро вилояти, Жондор туманида яшовчи 16 ёшли мактаб ўқувчиси темир сейфни бузиб, салкам 28 миллион сўмни ўмарди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот  хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов «Xabar.uz»га маълум қилар экан, айни пайтда ўқувчининг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлиги ўрганилмоқда.

Ҳолатга кўра, Жондор туманининг «Қозоқон» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Р.нинг яшаш ҳовлисига нотаниш фуқаро ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги темир сейфни калит танлаш йўли билан очиб, бузиб, сейф ичида бўлган 27.600.000 сўм пулларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Ж.Р. ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ички ишлар органлари томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор-техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган. Унинг натижасида ўғрилик шу маҳаллада яшовчи, тумандаги касб-ҳунар мактабларидан бирида таҳсил олаётган 16 ёшли ўқувчи М.Ф. содир этилгани аниқланган.

«Кейинги пайтларда ўғрилик ҳолатларининг хусусан, ёшлар томонидан содир этилаётгани анча ташвишли. Яқиндагина Бухоро туманилик фуқаро М.Р.нинг яшаш хонадонидан 11 миллион сўмлик пул ва моддий бойликларнинг ўғрилангани юзасидан олиб борилган ҳаракатлар натижасида ҳолатнинг Когон туманидаги «Сараён» маҳалласида ўсмир йигит томонидан содир этилгани аниқланганди. Худди шундай ҳолат Шофиркон тумани «Жўйнав» маҳалласида яшовчи Б.Б. томонидан «Қалмоқон» маҳалласида жойлашган авиакасса эшигини бузиш, у ердан ноутбук ҳамда 7.800.000 сўм нақд пулларни талон-тарож қилгани очиқланган эди. Барчаси юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Шу ўринда, бола тарбиясининг асосий пойдевори оила, кейин мактаб-маҳалла эканини унутмайлик ва ота-оналарни фарзандлари тақдири учун бефарқ бўлмасликка чақириб қоламиз», — деди Шуҳрат Жалолов.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг