Ўзбекистон Биринчи хоними Белграддаги тарихий обидаларни зиёрат қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербия Республикасига расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Сербия Биринчи хоними Тамара Вучич ҳамроҳлигида Белград шаҳридаги қатор маданий объектларга ташриф буюрди.
Ташриф дастурининг дастлабки манзили Сербия Миллий музейи бўлди. Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич музей экспозицияси билан танишиб, мамлакат тарихига оид археологик топилмалар, шунингдек, серб ва жаҳон санъати намуналарини кўздан кечирдилар.
Биринчи хонимлар музейда ташкил этилган «Этно-мрежа» анъанавий ҳунармандчилик кўргазмаси билан ҳам танишдилар. Унда Сербиянинг миллий ҳунармандчилик анъаналари ва маданий мероси намуналари намойиш этилган.
Ташриф давомида Сербия миллий меросининг энг муҳим дурдоналаридан бири — «Мирослав Инжили»га алоҳида эътибор қаратилди. XII асрга оид мазкур ноёб қўлёзма серб кирилл ёзувининг энг қадимий намуналаридан бири ҳисобланади.
Юксак бадиий қийматга эга бўлган қўлёзма моҳирона безатилган миниатюралари билан ҳам аҳамиятли. 2005 йилда «Мирослав Инжили» ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилган.
Шундан сўнг Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич дунёдаги энг йирик православ ибодатхоналаридан бири ҳамда Сербиянинг муҳим маънавий рамзларидан саналадиган Авлиё Савва черковига ташриф буюрдилар.
Ташриф доирасидаги самимий мулоқотда Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter