Профилактика инспектори ўзини дарёга ташлаган аёлни қутқарди
— Ака, ака, Зарафшон дарёси... Зарафшон дарёсига тез етиб келинглар... Бир аёл ўзини дарёга ташлади..,—қаттиқ қўрқув ва ҳаяжон билан «102» рақамига келиб тушган қўнғироқ юзасидан жуда тезкор ҳаракатлар бошлаб юборилди.
Тунги соат 00:00 ларда хабар келиб тушиши биланоқ, ҳудуд профилактика инспектори Шаҳзод Насуллаев воқеа жойига тезкор югуриб келиши жараёнида ҳолат юзасидан ППХ ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раисига ҳам маълум қилган. Профилактика инспектори тун қоронғусидаги хавфли вазиятга қарамай, катта тезликда оқиб кетаётган дарёда жон талашиб, чўкиб бораётган аёлни қутқариш учун ўзини муздек сувга отган. У чўкаётган аёлни ушлаб олган ва ҳушсиз аёлни дарёнинг нариги бетига олиб чиққан. Профилактика инспектори муздек сувда бутун танаси увишиб қолишига қарамай, аёл ҳаётини сақлаб қолиш учун унга биринчи ёрдам кўрсатган. Ва яна уни даст кўтарган ҳолда дарёни кечиб ўтган.
Бу орада воқеа жойига маҳалла раиси Гулчирой Жамолова ҳамда ППХ ходими Миршод Раҳимов ҳам етиб келиб, тезкор ҳаракатга киришишган.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, улар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишган.
— Баъзан бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир неча дақиқа, биргина қарор ва энг муҳими, жасорат кифоя. Улар шу жасоратни адо этишди. Айни пайтда, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва аёлни ўз жонига қасд қилишгача олиб келган ҳолатлар изчил ўрганилади. Ва ҳеч ким жавобгарлик ва қонундан қочиб кета олмайди. Ҳолат юзасидан қўшимча маълум қиламиз,— деди Улуғбек Шукурлаев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter