Қоракўлда мактаб директори ўринбосари калтакланди (фото + видео)
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори ўз ходимини дўппослагани ҳақидаги хабар тарқала бошлади. Айтилишича, ходим – Ойбек Фозилов директор Ўлмас Файзуллаев ва унинг шу мактабда фаолият юритаётган акаси Али Файзуллаев томонидан калтакланган.
Ҳозир таътил пайти бўлгани учун воқеага ҳеч ким гувоҳ бўлмаган. Мактаб директорининг акаси эса ушбу таълим муассасасида жисмоний тарбия фанидан дарс беради. Воқеа содир бўлган куни жабрланувчи тан жароҳатлари Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Ва ҳозирда оғир жароҳатлар ва юрак-қон томирлари бўлимида даволанмоқда.
«Xabar.uz» мухбири ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув давомида жабрланувчи билан суҳбатда бўлди.
Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси травмотолог врачи Рамазон Авезовнинг билдиришича, бемор Ойбек Файзуллаев бирлашма қабул бўлимига «Тез ёрдам» машинасида олиб келинган. Тўлиқ текширувлардан ўтказилгач, жарроҳлик бўлимига ётқизилган. Айни пайтда у бош мия жароҳалари, бош мия чайқалиши, бош мия чекка соҳасининг йиртилган жароҳати, баданнинг кўплаб қисмларида қонталашлари ва шилинмалари ташхиси билан даволанмоқда.
«2018 йилдан буён шу мактабда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида фаолият юритаман. Директор ишлаётганига уч йилдан ошди. Жорий йилнинг 1 август куни Қоракўл туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан қўнғироқ бўлиб, опенбюджет томонидан 330 миллион сўмлик жиҳозлар берилаётгани ва уларни мактабларга тарқатилаётгани ҳақида топшириқ келди. Директор билан бирга манзилга бордик ва мактаб учун ажратилган жиҳозларни олиб келдик, жойлаштирдик. Шунда мен мактаб директорига ушбу жиҳозларни битта-битта далолатнома қилиб, кейин топширишимни билдирдим», – деди жабрланувчи Ойбек Фозилов.
Бундан мактаб директори Ўлмас Файзуллаев жаҳли чиқади ва «Cен кимсанки, жиҳозларни далолатнома қилиб топширадиган», дея хўжалик ишлари бўйича ўринбосарининг қўлидан омборхона калитларини зўрлик билан олади. Шунда Ойбек Фозилов бундай вазиятда уларнинг ҳар бири учун жавобгар эканини айтиб, жиҳозларни бошқа хонага кўчиришини билдиради.
«Сан козёлсан, ҳеч кимсан!» – дея шундоқ мактаб фойесида ҳам иш вазифамга, ҳам шахсиятимга тегди. Шунда мен ҳам унинг муомаласига яраша жавоб қайтардим. Ваҳоланки, шунча маблағ эвазига давлат томонидан ажратилган ҳар бир инвентар учун жавобгарлик менинг зиммамда эди. Шу топда унинг акаси Али Файзуллаев келди-да, кутилмаганда юзимга мушт туширди. Ҳали ўзимни ўнглаб олмай туриб, мактаб директори ҳам акасига қўшилиб, мени дўппослай кетишди. Мен фойедан зал орқали бир амаллаб мактаб ҳовлисига чиқиб қочдим. Укамга энди қўнғироқ қилаётган эдим, акаси менга: «ичкарига кир!» – дея бақираётганда укаси, яъни мактаб директори келиб, бошимнинг орқа қисмидан ёғоч таёқ билан бир неча маротаба урди. Мен йиқилдим. Али баданимнинг турли қисмларига аёвсиз тепяпти, акаси эса таёқ билан бош қисмимдан яна уришда давом этяпти. Ҳаммаёғим қон бўлиб кетгач, ака-ука иккаласи мени шу ҳолатда мактаб ҳовлисида қолдириб, машинасига чиқиб кетишди. Воқеа жойида бир-икки аёл хизматчилар, мактаб устаси ҳам бор эди. Афсуски, улар мактаб директорининг яқин қариндоши экани боис, гувоҳликдан бош тортишмоқда. Яна бир томони улар аёл киши бўлишса, оворагарчиликни исташмаса керак. Майли, ҳар кимнинг виждонига ҳавола», –сўзлади суҳбатдош.
«Сиз ҳам қаршилик кўрсатдингизми? »
«Воқеа жуда тез содир бўлгани учун ўзимни ўнглолмай қолдим. Ва бундай вазиятда бир кишининг икки кишига қаршилик кўрсата олиш-олмаслиги ҳақида ўйлаб кўраверинг».
Суҳбатдошга кўра, бундан илгари ҳам мактабда шундай ҳолатлар содир бўлган. Директор ва акаси биргалашиб, ўқитувчиларни дўппослашган, нафсониятига тегишган ва «ёпти-ёпти» қилиб юборишган.
«Мактаб директорнинг худди шахсий ҳудудига айланиб қолган...» – деди Ойбек Фозилов.
Биз воқеа содир бўлган тумандаги 10-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Ҳолатга аниқлик киритиш учун мактаб директори қабулига кириш ва у билан суҳбатлашиш биз учун муаммога айланди. Шунга қарамасдан, мактаб директоридан тайинли жавоб олишга ҳаракат қилган «Xabar.uz» мухбирининг саволига у: «Мен мактаб таътилидаги одамман. Ўша кун мактабга умуман келмаган эдим ва воқеа ҳақида кейин эшитдим», – дея жавоб қайтарган. Бироқ навбатдаги саволга жавоб бераркан, аввалги гапига бошқароқ сўзлар айтди:: «Мактабга келганман, инвентарлар ҳаммаси хонага қўйилган ва керакли ҳужжатларга печатни қўйгач, чиқиб кетдим. Уруш-жанжалдан хат-хабарим йўқ».
Энг қизиғи, кейинроқ у «ўзи хабари бўлмаган жанжал»да укаси – Али Файзуллаевнинг ҳам жароҳат олгани, айни пайтда касалхоналардан бирига ётқизилганини билдирган. Афсуски, қайси касалхонада қандай ташхис билан ётқизилгани ҳақида индамайди.
Бошқа бир суҳбатдош эса мактаб директорининг укаси ҳеч қандай жароҳат олмагани ва унинг касалхонада эмаслигини маълум қилади.
«Мен, ҳатто, улар дўппослашаётганда, ўзимни ўнглаб ололмаган бўлсам, муштга мушт, калтакка калтак қайтаришга имконим ҳам, кучим ҳам қолмаган бир вазиятда бўлсам, Али қандай жароҳат олган бўлиши ва касалхонада ётган бўлиши мумкин. «Мен воқеа жойида йўқ эдим, кўрмаганман ва билмайман» дейиш учун ҳам одамда катта бир юрак, катта бир виждон бўлишиям керак-да», – дейди жабрланувчи.
Савол: «Бундан илгари ҳам директор билан келишмовчиликка борганмисиз?»
Жавоб: «Ҳа, жанжаллашиб турганмиз. Бундан илгари мактабимиз директори устидан бир неча бор ёзишган. Хўжалик ишлари юзасидан ҳам масалалар бор эди, масалан, мактабга қарашли 86 сотих ер майдони бўйича ижара шартномалари бўйича пул айланиши, том қисмидан тушган шефирларнинг сотилиши хусусида. Ва у хатти-ҳаракатларини шахсий адоватга айлантириб юборди».
Савол: «Раҳбар ва хўжалик мудири ўртасида қўштирноқ ичида «келишувлар» борлиги хусусида эшитиб қоламиз. Балки, ўртангизда шундай «боғлиқлик»лар бўлгандир?»
Жавоб: «Бундай ҳолатлар бўлмаган. Аммо, мактабимиз ҳовлисида 86 сотих ер майдони бўлиб, 1 сотих ер майдонини 70-80 минг сўм эвазига ижарага берамиз. У пуллар асосан, мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг махсус ҳисоб рақами орқали айланиши керак. Лекин директор бунга йўл қўймайди. Пулни қонун доирасида ҳисоб рақамига ўтказилишига доимий қаршилик кўрсатиб келган. Бу пулларни «Мен директорман ва бу пулларни тўғридан-тўғри ишлатаман, аралашма!» – деб иш фаолиятимга тўсқинлик қилиб келган. Ер майдони ижара шартномасига кўра тушган нақд пул ҳам ҳисоб рақам орқали қабул қилишини белгиланган. Бироқ, мактаб директори ўз билганича пулни айлантириб келган»
Савол: «Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар неча сотих ер майдони вақтинча ижарага берилган. Ва маблағ тўлиқ ҳисоб рақамига кўчирилганми?»
Жавоб: «Адашмасам, 84 сотих, чамаси, вақтинча ижарага берилди ва маблағлар ҳисоб рақамига тўлиқ кўчирилмаган. Нақд пуллар тушуми ҳам бўлган ва директор лавозимга ўтиргандан буён қарийб уч йил давомида, деярли, пул тушумлари тўлиқ ўтказилмаган. Бу масала ҳам жуда кўп бор тортишганмиз. «Мен директорман ва ўзим жавоб бераман!» – деб келган.
Савол: «Яна қандай гапларингиз бор?»
Жавоб: «Энди қонунга ишонамиз ва ҳолат адолатли кўриб чиқилади, деб умид қиламан. Камералар тикланса, гувоҳлар виждони кириб, гувоҳлик беришар», – деди суҳбатдош.
Суриштирув давомида мазкур мактаб ўқитувчилари билан бўлган суҳбатда улар бундай ҳолатлар биринчи марта содир этилмаганини, бундан илгари ҳам кузатилганини, таълим муассасасида бирлик йўқолгани ва гуруҳбозлик шаклланганини иддао қилишди. Бу орада «Xabar.uz» мухбири туман ҳамда вилоят таълим соҳаси мутасаддилари иштирокида мазкур мактаб ўқитувчилари билан ўтказилган йиғилишда иштирок эди. Афсуски, йиғилиш давомида ўқитувчиларнинг мавзуга оид суҳбати ҳам жанжал ва ўзаро тортишув билан якунланди..
Ҳолатни кузатар эканмиз, ҳар бир таълим муассасасида, аслида, бирлик, ҳамжиҳатлик ва бир-бирига ўзаро ҳурмат, деган тушунчалар устувор бўлиши керак эмасмикин, деган ўйга толамиз. Ўқитувчилар суҳбати ва ундаги ачинарли кўринишларни қаламга олишни истамадик.
«Xabar.uz» мухбири илгари ҳам бундай ҳолатга тушган ўқитувчилардан бирининг хонадонида бўлган ва у билан суҳбатлашган.
Ўқитувчи Феруз Чўлиев ўз суҳбатида ҳақиқатан ҳам ўтган ўқув йили мавсумида мактаб директори Ўлмас Файзуллаев ва унинг акаси Али Файзуллаев томонидан уриб, муштлаб ташлангани ҳақида сўзлаган. Ушбу юзасидан жабрланувчи турли идора, ташкилотларга мурожаат қилишига қарамай, масала «ёпти-ёпти» қилиб юборилган.
«Бу воқеага икки йилча бўлиб қолди. Ўшанда мен директор билан унинг акасининг синфхонасида гаплашиб тургандим. Бир масалада тортишиб қолдик. Директорнинг баланд оҳанглари ва сўзлашувига қараб, муомала қилиб тургандим, акаси келди-да, ҳе йўқ, бе йўқ, муштлади. Синфхонадан чиқиб қочаман, деб турганимда, директор эшикни маҳкамлади. Ва ака-ука мени дўппослай кетишди. Ҳодиса жойида аёл ўқитувчи аралашиб, ажратди. Ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилдим. Айбдорларни жаримага тортишди, холос», – деди математика фани ўқитувчиси Феруз Чўлиев.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, улар доимий бир «сценарий» томошасини кўрсатишади.
Бир нечта суҳбатдошларнинг сўзига кўра, мактаб директорининг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатларидан маҳалла участка нозири ҳам хабардор. Бироқ, ҳолатларга кўз юмиб келаркан. Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг билдиришича, маҳалла профилактика инспекторига нисбатан билдирилган эътирозлар юзасидан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Мақолани тайёрланаётганда воқелик юзасидан янги маълумотга эга бўлдик. Қоракўл туман ИИБ терговчиси Феруз Норовнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан экспертиза маълумотига таянилиб, ҳоат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter