Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда BYD ҳайдовчиси ЙПХ ходимини босиб кетди

Тошкентда BYD ҳайдовчиси ЙПХ ходимини босиб кетди

Чилонзор туманида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган йигит BYD автомобилида ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, уни уриб юборган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 12 май куни тахминан соат 19:20 ларда Чилонзор туманига хизматга жалб қилинган ЙПХ инспектори Ҳумоюн Шарипов ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтида Лутфий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган «BYD» русумли давлат рақам белгиси 10 Y 070 GB бўлган автомобиль ҳаракат давомида шубҳа уйғотганлиги сабабли ҳуштак ва жезл ёрдамида тўхташ ишорасини берган.

Бироқ, ҳайдовчи — 2002 йилда туғилган О.А. (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмас) ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттириб, 150-200 метр ўтиб ортга қайрилиб олган вақтида, ЙПХ инспектори қайта тўхташ ишорасини бериб, автомашиналар ҳаракатини тўлиқ тўхтатган.

О.А. ИИО ходимининг қонуний талабларини қасддан бажармаган ҳолда, ЙПХ инспекторини устига машинасини ҳайдаб, уни уриб юборган. Натижада, ЙПХ инспектори Х.Шарипов «Иккала сон суяги синиши» ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг