Тошкентнинг айрим ҳудудлари ярим суткадан бери чироқсиз қолмоқда

Маълумки, кеча 21 май куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида кучли шамол эсиши ва ёғингарчиликлар кузатилди.
Шу сабабли, баъзи вилоятлар, жумладан пойтахт Тошкент шаҳридаги маҳаллалар ҳам электр таъминотисиз қолди.
Жумладан, ўқувчиларимиз берган маълумотга кўра, Янгиҳаёт тумани, Янги Чоштепа маҳалласи кеча соат 18:00 дан буён электрсиз қолган.

«21 майдан буён электр таъминотида узилиш ҳолати юзага келди.
Бунга сабаб, маҳалладан ўтган 10кв кабель тармоқларида номаълум ташкилот томонидан ўзбошимчалик билан ер қазиш ишлари олиб борилиши бўлиб, натижада 10кв кабеллар шикастланган, оқибатда электр таьминотида узилиш содир бўлган. Албатта, мазкур вазият норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Туни билан коммунал соҳа ходимлари томонидан носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилди. Аммо битта носозлик бартараф этилиши билан иккинчи носозлик ҳолати келиб чиқди ва электр таъминотида қайта муаммо юзага келди.
Айни вақтда ҳам носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги хабарида.
Таъкидлаш жоизки, Гидрометеорология хизмати 21-23 май кунлари беқарор об-ҳаво, кучли шамол ва ёғингарчиликлардан огоҳлантирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter