Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияда 10 нафар ўзбекистонлик ушланди: бош консулхона баёноти

Туркияда 10 нафар ўзбекистонлик ушланди: бош консулхона баёноти

Фото: Бош консулхона

Ижтимоий тармоқларда Туркиянинг Айдин вилоятида 30 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси банк карталари орқали амалга оширилган шубҳали пул ўтказмалари билан боғлиқ ҳолат юзасидан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. 

​Туркия Ички ишлар вазирлигининг тегишли тузилмаларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат доирасида 10 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаросига нисбатан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабарида. 

​Ҳозирги вақтда уларнинг айримлари суд қарорига асосан жазони ижро этиш муассасасида, айримлари депортация марказида сақланмоқда. Яна бир қисми эса мамлакат ҳудудидан чиқмаслик шарти билан озод этилиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

​Фуқароларга нисбатан кўрилаётган ҳуқуқий чоралар уларнинг мазкур ҳолатга алоқадорлик даражаси, банк ҳисобварақлари орқали ўтказилган маблағлар миқдори ҳамда тергов давомида аниқланаётган бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб белгиланмоқда.

​Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни тегишли Туркия идоралари билан ҳамкорликда кузатиб бормоқда ҳамда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.

​Шу муносабат билан Бош консулхона фуқароларни шахсий банк карталари, ҳисоб рақамлари ва мобиль банк хизматларини бегона шахсларга бермасликка, бошқа шахсларнинг илтимосига кўра келиб чиқиши номаълум маблағларни қабул қилмаслик ва ўтказмасликка чақирган. 

​Банк картаси ёки ҳисоб рақамини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш, шунингдек, келиб чиқиши номаълум маблағларни ўтказишда воситачилик қилиш Туркия қонунчилигига мувофиқ жиддий ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

​.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг